Бугун, 29 декабрь куни Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасида «Uzbekistan Sport Awards-2021» миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбек спортининг йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табриги билан бошланди.

Фото: Tribuna.uz

Шундан сўнг турли номинацияларда йилнинг энг яхшилари тақдирланди. Жумладан, «Йил кашфиёти» соврини – таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовга насиб қилди.

Эътиборлиси, маросимда энг асосий соврин – «Йилнинг энг яхши спортчиси» икки йўналишда танланди. Мухлислар ўртасидаги сўров натижаларига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» дея бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов топилди.

Республика комиссияси хулосасига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» дея, Ўзбекистон миллий кубоги ғолиби – оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев эълон қилинди. Ҳар икки ғолиб ҳам 10 минг АҚШ доллари мукофот пули билан тақдирланди.

Барча номинациялар ғолиблари:

  • «Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун» Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов тақдирланди.
  • «Йилнинг энг фаол оммавий спорт тарғиботчиси» сифатида Мудофаа вазирлиги спорт маркази эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт журналисти» – «Спорт ТВ» телеканали журналисти Шафоат Толибжонова.
  • «Йилнинг энг фаол спорт фото мухбири» – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва «Olamsport.com» сайти фотомухбири Алмурат Мамадаминов.
  • «Йилнинг энг фаол спорт мухлиси» сифатида Абдураҳмон Фозилов эътироф этилди.
  • «Спорт йўналиши бўйича йилнинг энг фаол матбуот хизмати» сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт сайти» сифатида «Sports.uz» сайти эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг фаол спорт мактаби» сифатида Бухоро тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби эътироф этилди.
  • «Йилнинг энг яхши мураббийи» сифатида Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовнинг мураббийи – Хан Павел эътироф этилди.