Қайд этилишича, Миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш дастури ишлаб чиқилади. Спорт ўйинлари ўтказиладиган спорт объектлари инфратузилмаси яхшиланади ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозланади. 

Миллий олимпиада ўйинларини юқори даражада ташкил этиш ва ғолиб ва совриндорларини муносиб рағбатлантириш чоралари кўрилади. Миллий олимпиада ўйинларига тайёргарлик ишлари боришининг ОАВ орқали, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилиши ташкил этилади.

Шунингдек, спорт таълим муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркибини ошириш мўлжалланган.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларига қабул кўрсаткичларини ошириш ҳисобига фаолият юритаётган олий маълумотли тренерларнинг амалдаги 54 фоиз улуши 2022 йилда 62 фоизга оширилади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиаллари битирувчилари спорт таълими муассасаларига жалб этилади.