38-Халқаро информатика олимпиадаси 9-16 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Олимпиадада 100га яқин мамлакатдан 386 нафар ўқувчи иштирок этади.

Миллий матбуот марказида 9–16 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 38-Халқаро информатика олимпиадаси (IOI 2026)га бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон тарихида илк бор Халқаро информатика олимпиадасига мезбонлик қилаётгани, мусобақанинг мамлакатимиз таълим тизими ва рақамли ривожланиши учун стратегик аҳамияти, халқаро иштирокчилар кўлами ҳамда олимпиадага тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Олимпиадада 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар ўқувчи иштирок этади. Делегациялар, халқаро қўмита вакиллари, мураббийлар ва меҳмонлар билан биргаликда иштирокчиларнинг умумий сони 900 нафардан ошади. Бу эса Халқаро информатика олимпиадаси тарихида иштирокчи мамлакатлар сони бўйича рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасини саралаш ва тайёрлаш жараёнлари юзасидан ҳам маълумот берилди. Хусусан, терма жамоани тайёрлаш ишлари 2025 йил ноябр ойидан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилди. Қозоғистон, Полша ва Руминиядан жалб этилган халқаро экспертлар иштирокида 10 га яқин ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Ўқувчиларнинг техник тайёргарлиги билан бир қаторда уларнинг психологик тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлардан сараланган 100 нафар ўқувчи орасидан 2 та миллий терма жамоага 4 нафардан жами 8 нафар ўқувчи танлаб олинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда рақамли таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида мамлакат халқаро АТ майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. IOI 2026 ана шу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг технологик салоҳиятини дунёга намойиш этишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Тақдимотлардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди.