Тожикистон 2022 йилда Афғонистонга 1,5 млрд кВт/соат электр энергияси етказиб беради, деб маълум қилди «Толибон» ҳаракати вакили Иномулла Самангоний.

«Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган янги келишувларга кўра, 2022 йилда Тожикистон Афғонистонга 1,5 миллиард кВт/соат, Ўзбекистон эса 2 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб беради», - деди у.

Самангонийнинг сўзларига кўра, шартномалар қиймати мос равишда 69 млн ва 100 млн долларни ташкил этади.

Маълумот берилишича, Афғонистон Тожикистонга 110 кВ электр узатиш линиялари бўйича ҳар бир киловатт электр учун 3 центдан ва 220 кВ электр узатиш линиялари бўйича ҳар бир киловатт электр учун 4,5 центдан тўлайди.

Аввалроқ Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани хабар қилинганди.