КХШТ асосан Россияга боғлиқ ташкилот — сиёсий таҳлилчи
Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов Қозоғистондаги намойишлар вақтида мамлакатга КХШТ кучларининг киритилиши ва бунинг Қозоғистон ҳамда минтақа давлатлари учун нималарни билдириши борасида ўз фикрларини айтди.
“Бу жуда катта мавзу. КХШТ ҳарбий кучларининг Қозоғистонга кириб келишига ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Мутлақо йўқ. Буни нотўғри қарор деб биламан.
Бунинг нотўғри қарор бўлганини ҳатто қозоғистонликлар ҳам айтяпти. Чунки энди шу қарор ортидан Қозоғистон ўз мустақиллигини йўқотиши мумкин, деган фикрлар ҳам янграяпти.
Шунингдек, КХШТ кучларининг Қозоғистонга олиб кирилиши ортидан эндиликда бу қандай суверен давлатки, у ўзини-ўзи бошқаролмаса, ҳимоя қилолмаса, деган фикрлар ҳам пайдо бўлди.
Бу жуда нозик қарор. Қайтараман, бунга сабаб йўқ эди”, – деди Фарҳод Толипов Kun.uz'га берган интервьюсида.
Таҳлилчи Коллектив хавфсизлик ташкилоти асосан Россияга боғлиқлигини айтади.
“Ташкилот 1992 йилда тузилган бўлса-да, шу пайтгача у ўзини кўрсатмаганди. Умуман, бунга зарурат ҳам бўлмаган. Мана энди бу ташкилот кучларини худди керакдек қилиб кўрсатишмоқда.
Хўш, Қозоғистонга аслида қайси давлат кучлари келди? Асосан Россия ва Беларус. Арманистон эса 70тача аскар юборди, улар бундан ортиғига қодир ҳам эмас, буни Озарбойжон билан бўлган урушда кўрдик-ку. КХШТ – асосан Россия устувор бўлган ва унга таянган ташкилот.
“Справедливая Россия” (“Адолатли Россия”) партияси раҳбари, депутат Сергей Миронов бир неча кун аввал жуда-жуда қалтис баёнот билан чиқди.
У айтдики: “КХШТ кучлари эндиликда Қозоғистонда доимий қолиши керак. База яратилиши керак. Улар эндиликда у ердаги русийзабон халқни ҳимоя қилади ва экстремизмга қарши курашади”.
Мен бу таклифни қозоқларга нисбатан ҳурматсизлик деб тушундим”, – деди у.
Фарҳод Толипов россиялик депутат сўзларидан келиб чиқиб, шундай саволни ўртага ташлади:
“Хўш, КХШТ русийзабон халқни қандай ҳимоя қилади? Бу ахир армия-ку. Хўш, Қозоғистондаги русийзабонлар ҳозир қандай тазйиққа учраётган эканки, ҳарбийлар уларни ҳимоя қилса?
Нима, улар қувғин қилиняптими? Бунақа ҳолат йўқ-ку. Сергей Миронов бу ерда шунчаки сунъий муаммо ўйлаб топяпти.
Бу – қозоқлар учун жуда қалтис ва қўпол гап. Экстремизмга қарши курашиш учун эса ҳар бир давлатнинг ўз махсус кучлари мавжуд. Экстремизм ҳеч қачон армия билан келмайди. Террористларнинг армияси йўқ. Агар булар террористик гуруҳ бўлса, уларга қарши кураш учун давлатнинг ўз кучи бор. Бунинг учун КХШТнинг кераги йўқ.
Агар бу ҳаракатларга Мироновнинг юқоридаги гапларини қўшсак, бу ерда Россиянинг яна ўша неоимпериалистик сиёсати кўринади”, – деди таҳлилчи.
Толипов мавзу борасида фикрларини давом эттираркан, КХШТ кучларининг киритилиши нафақат Қозоғистон, балки минтақа давлатлари учун ҳам хавфли эканини урғулади.
“Биз биламиз, ҳозир Тожикистонда ва Қирғизистонда ҳам Россия қўшинлари мавжуд. Қозоғистонда бундай қўшинлар йўқ эди, лекин Мироновнинг бу борадаги баёноти ҳам жаранглади. Умид қиламанки, бу баёнот амалга ошмайди ва охир-оқибат КХШТ кучлари Қозоғистондан чиқиб кетади.
Қозоғистонликларнинг ғурури ва шаъни бор. Умуман, уларнинг ўз кучи ва салоҳияти ҳам етарли. Ўйлашимча, КХШТ кучлари Қозоғистондан тезда чиқиб кетади. Акс ҳолда Тўқаевнинг ҳам сиёсий тақдири маълум бўлиб қолади. У ўзи ўтирган дарахтга болта урмаса керак.
КХШТга бир вақтлар Ўзбекистон ҳам аъзо эди ва 2012 йилда биз ундан чиқиб кетганмиз. Ислом Каримов буни Ўзбекистон бундан буёғига ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги билан изоҳлаганди. Бу Каримовнинг энг оқилона қарорларидан бири бўлган.
Умуман, Ўзбекистоннинг ҳарбий ва мудофаа доктринасида ҳам ҳарбий блокларда иштирок этмаслик белгилаб қўйилган. Шунинг учун ҳам, бу блокка кириш учун бизда ҳеч қандай сабаб йўқ.
Худога шукур, биз тинч давлатда яшаяпмиз, агар қандайдир воқеа содир бўлса ҳам, уни ҳал қилишга Ўзбекистоннинг ўз салоҳияти етарли. Ўзбекистон ҳар қандай таҳдидни ортга қайтаришга қодир”, – деди Фарҳод Толипов.
Бугун, 11 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев КХШТ кучларининг асосий миссияси якунланганини эълон қилди. Унга кўра, ҳарбий контингентни олиб чиқиш 2 кундан кейин бошланади ва узоғи билан 10 кун давом этади.
Мавзуга оид
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
23:18 / 31.08.2024
Арманистон КХШТдаги иштирокини бутунлай музлатиб қўйди
14:23 / 21.08.2024