Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзолари Арманистоннинг ташкилот органларида овоз бериш ҳуқуқини бекор қилди. Бу ҳақда Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Арманистон бир неча йилдан бери ўз мажбуриятларини бажармай келаётгани муносабати билан, ташкилот низомига асосланган ҳолда, Арманистонни овоз бериш ҳуқуқидан, шунингдек, КХШТда ўз вакилларини масъулиятли лавозимларга тайинлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилди ва қарор қабул қилинди», – деган у Life мухбирига берган изоҳида.

Арманистоннинг КХШТга аъзолиги бир неча йилдан буён муҳокама мавзуси бўлиб келади. Ереван 2024 йилда, Қорабоғ Озарбойжон назоратига ўтиб, сўнгги ўн йилликларда мазкур ҳудудда яшаб келган арманлар кўчиб кетишга мажбур бўлганида, ушбу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиб қўйган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян сўнгги хабарлар юзасидан шундай муносабат билдирди: «Аслида, биз аллақачон ўзимизни КХШТдан ташқарида деб ҳисоблаймиз». У агар ташкилот Арманистонни чиқариб юборса, бундан «хурсанд бўлиши»ни айтган. «Бу бизни „чиқиш ёки чиқмаслик“ дилеммасидан халос этган бўларди», – дея қайд этган у.

КХШТ бош котиби Таалатбек Масадиковнинг қўшимча қилишича, Москвадаги саммитда Арманистонни КХШТдан чиқариш масаласи кўтарилмаган.

  • Никол Пашинян сўнгги йилларда Арманистоннинг Ғарб, жумладан, Европа Иттифоқи билан яқинлашиши тарафдори бўлиб келмоқда. Бу фонда Россия Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзолиги масаласини ҳам қайта кўриб чиқмоқчи: Москвадагилар бир вақтнинг ўзида ҳам ЕИ, ҳам ЕОИИ билан иттифоқчи бўлиш имконсиз деб ҳисоблайди. Пашинян Арманистон ЕОИИ доирасида «Европа Иттифоқи ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасида танлов муқаррар бўлмагунча» ишлашда давом этишини айтганди.