Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифатсизлиги, қимматлиги, вақти-вақти билан нархлар асоссиз оширилиши ортидан кескин танқидларга учраб келмоқда. Бундан ташқари, харидор пулини олдиндан тўлаб, узундан узун навбатлар сабаб бир неча ой давомида ўз автомобилини кутишга мажбур. Натижада компаниянинг эски автомашиналари иккиламчи бозорда янгисидан кўра қимматроқ сотилади. Юмшоқ қилиб айтганда, UzAuto Motors’нинг автомобиллари аллақачон ўзбек халқи учун инвестицион активга айланиб улгурди.

Хўш, ўтган йилда Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт қилиш тенденцияси қандай кечди?

UzAuto Motors’да ишлаб чиқариш 15 фоизга камайди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 236 минг 667 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу 2020 йилга нисбатан 15,6 фоизга (2020 йилда 280 минг 80 дона) камроқ.

Ўтган йилда ишлаб чиқарилган автомобиллар:

  • Cobalt — 71 082 дона;
  • Lacetti-Gentra — 51 061 дона;
  • Nexia T-250 — 31 466 дона;
  • Damas — 55 068 дона; 
  • Labo — 17 308 дона;
  • Spark — 9 915 дона.

2021 йилда олдинги йил билан таққосланганда қуйидаги автомобиль моделларини ишлаб чиқариш камайган: Cobalt (11,1 фоизга), Nexia Т-250 (52,7 фоизга), Spark (57 фоизга). Ўз навбатида Lacetti-Gentra (2,8 фоизга), Damas (6,2 фоиз) ва Labo (47,9 фоиз) ишлаб чиқариш кўпайган.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2020 йилда UzAuto Motors АЖ томонидан давлат бюджетига жами 1,3 трлн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар (товарлар импорти учун тўловлар бундан мустасно) тўланган ва компаниянинг жами давлат бюджети даромадларидаги салмоғи 0,98 фоизни ташкил қилган.