18:32 / 16.02.2022
22372

Жарқўрғондан Римгача босилган йўл. Элдор Шомуродов УЕФА сайтига катта интервью берди

 «Рома» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Конференциялар лигаси плей-офф баҳслари арафасида УЕФА расмий сайтига интервью берди. Суҳбат давомида Элдор Ўзбекистондан Италияга қадар фаолияти, Жозе Моуриньо билан муносабати ва бошқа қизиқарли саволларга жавоб қайтарди. Интервьюнинг тўлиқ таржимаси билан танишинг.

Фото: Instagram Элдор Шомуродов
«Элдор Шомуродов Жарқўрғон номли кичик шаҳарчада туғилган. Ўзбекистондан «Ростов»га кўчиб ўтиб, ҳозирда Жозе Моуриньо мураббийлигидаги «Рома» клубида тўп тепмоқда. Элдор атиги 26 ёшда ва аллақачон ўз юртида қаҳрамондек кўрилади», - дейилади УЕФА расмий сайти таништирувида.

— Сиз Жарқўрғон шаҳарчасида туғилгансиз. Болалигингиз ҳақида гапириб берсангиз...

— Оиламизда жуда кўпчилик футбол ўйнаган: бобом мураббий бўлганлар, отам ва амакиларим футбол ўйнашган. Шунинг учун, болалигимдан футболга жуда ҳам қизиққанман. 7 ёшлигимиздаёқ болалар билан футбол машғулоти учун стадионга борардик. 12-13 ёшлигимда «Машъал» академиясига, қўшни вилоятга йўл олгандим. У ерда профессионал тарзда футбол билан шуғулландим. Кейин «Бунёдкор»га таклиф қилишди, шу ерда Суперлигада тўп суришни бошлаганман.

— Биринчи қадам— «Машъал» академиясида қанчалик қийин эди? Футбол оиласида туғилганингиз қанчалик ёрдам берган?

— Оилам доим менга катта ёрдам бериб келган. Ҳар доим, ютказганимда ҳам қўллаб туришган. Қийин бўлганди, сабаби, уйдан кетганимда жуда ёш бола эдим. Уйимдагиларни соғинардим, лекин бошқачасига яхши футболчи бўла олмаслигимни тушунардим. Оилам доим менинг интилишларимни қўллаб келди. Мен ўшанда яшаган Муборак шаҳри ёзда саҳродагидек иссиқ, қишда жуда совуқ бўларди. Бироқ академия ва мураббийлар яхши эди. Ёш футболчиларнинг ўсиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, сабр қилиб, ҳаракат қилишда давом этдим.

— Барча мураббийларингиз Элдор Шомуродовнинг асосий кучи— менталитети, деб айтишади. Сиз ўз амбицияларингизни юқори қўясиз ва кўзлаган мақсадингизга эришиш йўлида кўп ишлайсиз. Европада ўйнаш орзунгиз ҳақида айтиб берсангиз...

— «Машъал»да асосий жамоа ўйини бўлаётган пайтда биз тўп олиб бериб турардик. Мен ҳам тезроқ асосий жамоада ўйнагим келарди. Тезроқ ўсишни, ушбу жамоа учун майдонга тушишни хоҳлардим. Катта футболда ўйнашни бошлаганимда тушуна бошладимки, яна ҳам кўпроқ куч билан ишлаб, бутунлай бошқа футбол атмосферасига кириб бориш керак. Уйга келганимда доим Европа футболини кузатардик. Оиламдагилар ҳам Европада ўйнашга ҳаракат қилишим кераклигини айтишарди. Шу тариқа, менда Европада ўйнаш орзуси кучая бошлади. Мана Европада ўйнаяпман, орзуларим амалга ошди.

Фото: Getty Images

— Қайси футболчилар кумирингиз бўлган?

— Дидье Дрогба ва Фернандо Торреснинг ўйинлари менга жуда ёқарди. Улар қатнашадиган учрашувларни доим кузатиб борардим.

— «Челси» мухлисимисиз?

— Авваллари «Челси»га мухлислик қилганман. Ҳозир фақат «Рома»га ишқибозлик қиламан.

— Ўзбекистонда сиз том маънода қаҳрамонсиз. Ёш бўла туриб бундай даражага етиш, миллий жамоа сардори бўлиш сиз учун нималарни англатади?

— Бу мен учун жуда катта аҳамият касб этади. Буни сўз билан таърифлаш жуда қийин. Бу қадар ёш миллий жамоа сардори ва унинг муҳим футболчисига айланаман, деб ўйламагандим. Ҳозир бизда авлодлар алмашинуви кечмоқда. Биздан ҳам ёш футболчилар асосий жамоада ўйнамоқда ва мен сардор сифатида уларга ўрнак бўлишим керак. Шунинг учун, бу жуда муҳим аҳамиятга эга.

— Ватанингиз сиз учун қанчалик муҳим? Уйингизга қанча вақтда борасиз?

— Мен ўз ватанимни жуда севаман. Мен учун ватаним ҳам, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам жуда муҳим. Ҳозирда фақат миллий жамоага чақирилганимда Ўзбекистонга бора оламан. Ёки таътил вақтларида. Қолган вақтда уйимга бориб келиш учун имкон бўлмайди. Албатта, Ўзбекистон ва оиламни жуда соғинаман.

— Илёс Зейтуллаевдан кейин А Серияга келган иккинчи ўзбексиз. Бундан фахрланасизми?

— Албатта, фахрланаман. Бу— ёқимли ҳиссиёт. Лекин бизда бу даражада ўйнай оладиган кўплаб футболчилар бор. Улар ҳам Европада ўйнашса, хурсанд бўлардим. Бу ерда бутунлай бошқача футбол ўйнашади, тезлик юқори. Бу ерда ўсишингиз учун кўп шароитлар бор. Европада қанча кўп футболчиларимиз бўлса, миллий жамоа учун шунча наф.

— Италиядан аввал «Ростов»да ўйнагансиз. Фаолиятингизнинг мана шу босқичи ҳақида ҳам гапириб беринг.

— Биринчи мавсум у қадар яхши ўтмаганди. Мослашиш жараёнини ўтказгандим. Россияда бошқача футбол ўйнашар эди— Европага анча яқин. Бош мураббий Валерий Карпин менга ишонч билдирган, яхши руҳлантирганди. Кейин эса менда барчаси яхши кеча бошлади.

— «Ростов»да ўзингизни яхши кўрсатдингиз ва «Женоа»га бориб қўшилдингиз. Россиядан яна бир бошқа давлатга кўчиб ўтиш қандай кечди?

— «Ростов»даги сўнгги мавсумим олдидан жуда яхши ўйин кўрсатгандим. Кейин ярим мавсум ўйиним чиқмади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Лекин менда барибир Европада ўйнаш хоҳиши бор эди. Гол урмас экансан, Европага кетишинг қийин кечади. Лекин «Женоа» менга ишонди. Клубга бунинг учун катта раҳмат айтаман. Улар мени «Ростов»дан трансфер қилиб олишди. Мен рози бўлдим— сабаби бу Европада ўйнаш орзуси томон биринчи қадамим эди. Мен учун ўйин амалиётига эга бўлишим муҳим бўлган, оддий клубдан бошлаб олишим муҳим эди. Биринчи йил жуда қийин бўлди. Ўзбекистон ва Россияда футбол менталитети бир-бирига ўхшаб кетади. Лекин Европада барчаси бошқача. Шунинг учун, дастлабки 2-3 ой осон ўтмади, лекин кейин мослаша бошладим. Ҳозир бу ерда одамлар қандай ўйлашини яхшироқ биламан.

— Маданиятлар ўртасида қандай фарқ бор? Бу ерда нима сиз учун янгилик бўлди?

— Россия ва Ўзбекистонда одамлар ҳафта давомида 7 кун тинимсиз ишлашади. Бу ерда эса шанба ва якшанба кунлари ҳеч ким ишламайди, ҳамма дам олади. Умуман бошқача маданият, бошқа тил. Одамларнинг фикрлаши ҳам турлича.

— Италия футболи Россия ва Ўзбекистондаги ўйиндан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?

— Биринчи ўринда тезлик, Европада футбол жуда тез. Бу ерда жисмоний куч кўп нарсани ҳал қилади. Ва албатта, бу ердаги футболчилар маҳоратлироқ.

— Европа даражасига чиқиш учун улар нима қилиши керак?

— Аввало, тезликни оширишга эътибор қаратишлари керак. Нафақат ҳаракатларда, балки ўйлашда ҳам. Италияга келганимда осонгина ўйнаб кетаман, деб ўйлаган эдим. Лекин дастлабки машғулотлардан тушундимки, барчаси мен ўйлагандек осон эмас. Ҳимоячилар доим сизга ўйин бермасликка ҳаракат қилишади. Доимий равишда оёғимга зарбалар қабул қилиб олардим. Шундай қилиб, жисмоний ҳолат устида алоҳида ишлаш кераклигини тушунганман.

Фото: Getty Images

— Қайси хислатлар эвазига муваффақиятга эришганман, деб ўйлайсиз?

— Қийин савол. Ўйлайманки, барчаси сабр ортидан келади. Қачондир жуда қийин кўринганида ўзимга ўзим бу менинг даражам эмас, дейишим ва қайтиб кетишим ҳам мумкин эди. Лекин мен сабр қилдим. Барчаси яхши бўлиб кетишига ишондим. Сабр ортидан мана ҳозир менда барчаси жойида.

— «Рома»дек клуб сиз билан шартнома имзоламоқчи эканини эшитганингизда нималарни ҳис қилгансиз?

— Тушунгандимки, менталитетни ўзгартириш керак, ҳар бир ўйинга ғалаба учун тушиш шарт. Бу клубда катта мақсадларга интилиш борлигини билардим. «Рома»да кучлироқ рақобат мавжуд. Ҳар бир ўйинда сен майдонга тушишга ҳақли эканингни исботлашинг лозим.

— Моуриньо ўз вақтида Дрогбани ҳақиқий монстрга – дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан бирига айлантирганди. У сизга қандай ёрдам беряпти?

— Ҳозирда биз кўпроқ тактика устида ишлаяпмиз. У барчасини қандай бажариш кераклигини кўрсатиб беряпти ва ҳар бир ўйинда унинг кўрсатмаларини 100 фоизга бажаришимизни талаб қилади. Албатта, кўпроқ гол уришни ҳам талаб қилади.

Фото: Instagram Элдор Шомуродов

— Аллақачон «Рома» сафида бир нечта гол уришга эришдингиз. Конференциялар Лигаси плей-оффида урилган дебют гол ҳақида нималарни гапира оласиз?

— Бу менинг «Рома» таркибидаги илк расмий учрашувим эди (Конференциялар Лигаси саралаш плей-оффида, сафарда «Трабзонспор»га қарши ўйин). Ўша пайтда мени захирага олишга тайёрланишаётганди. Дебют учрашувда гол уриш, жамоамга Конференциялар Лигасида ўйнаш имконини тақдим этишдан жуда хурсанд бўлгандим.

— Сиз ўша голни бувингизга бағишлаганмисиз?

— Ҳа, ўша куни унинг туғилган куни бўлганди. Уни шу тарзда табриклашни истагандим. У доим мени қўллаб-қувватлайди, барча ўйинларимни кузатиб боради. Бутун оилам, бувим, аёлим ўйинларимни кузатиб боришади.

Фото: Getty Images

— Ушбу мавсум учун қандай шахсий ва жамоавий мақсадларингиз бор?

— Биринчи навбатда Чемпионлар лигасига чиқишни истайман. Конференциялар лигасида ғалаба қозонмоқчиман. Булар – асосий вазифаларимиз. Индивидуал мақсадларим доим жамоавий ютуқлар билан боғлиқ. Жамоага ғалаба қозониш ва титуллар қўлга киритишда ёрдам беришни истайман. Жамоа ютаверар экан, сиз ҳам ғалаба қозонасиз.

Top