Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов бўлажак сайловларда мамлакат президентлигига номзод этиб кўрсатилди. «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, бу борадаги қарор Туркманистон Демократик партиясининг 14 февраль куни ўтказилган навбатдан ташқари IX съездида қабул қилинган.

«Кун тартибига кўра, Туркманистон президенти лавозимига Туркманистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовнинг номзоди илгари сурилди. Съезд қатнашчилари Сердар Бердимуҳамедовнинг нутқини тинглади ва уни қўллаб-қувватлади», дейилади хабарда.

Арқадағ нафақага чиқмоқчи

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президенти лавозимини бўшатмоқчи эканини маълум қилган. У 2021 йил якунлари ва келгуси 30 йилга мўлжалланган давлат сиёсатининг «устувор вазифалари» муҳокама қилинган Халқ Маслаҳати (мамлакат парламентининг юқори палатаси) йиғилишида шу ҳақда гапирди. Бу 11 февраль куни — унинг давлат раҳбари этиб сайланганига 15 йил тўлган кунда рўй берди.

Бердимуҳаммедов 2021 йил кузида Тошкентга ташрифи чоғида / Kun.uz

Туркманистон президенти мамлакатда тўлиқ ҳокимиятга эга, конституцияга кўра, унинг ваколати муддати чекланмаган.

Аммо жума куни  64 ёшли аркадағ кутилмаганда ўзининг «ёш етакчиларга йўл очиш» ҳақидаги «мураккаб» қарори ҳақида эълон қилди ва буни икки йил аввал «пайғамбарлик ёшига етгани» билан изоҳлади.

«Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви сари йўлни маънавий муҳитда ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчиларга бериш керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Мен Халқ маслаҳати раиси сифатида катта ҳаётий ва сиёсий тажрибамни бундан буён ҳам шу соҳага йўналтириш ниятидаман», — деди Гурбангули Бердимуҳаммедов.

У парламент юқори палатаси раислигини ўзида сақлаб қолмоқчи. Давлат раҳбари бошқа ваколатлар ҳақида гапирмаган.

Бердимуҳамедовнинг баёнотидан кейинги куни Мажлис (парламентнинг қуйи палатаси) навбатдан ташқари президентлик сайловлари санаси сифатида 2022 йил 12 мартни белгилади. Мустақил Туркманистон тарихида атиги икки президент бўлган: Бердимуҳамедов ва унинг ўтмишдоши — Сапармурод Ниёзов.