Ўзбекистон | 12:37 / 24.02.2022
18173
2 дақиқада ўқилади

«Эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда» – Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат қилди

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси айни дамда Украинада бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди. Мурожаат матни элчихона расмий сайтида эълон қилинди.

«Украинадаги вазият кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқиляпти.

Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.

Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари паспорт маълумотларини элчихонанинг embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига юборишлари сўралади.

Украинада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тинчлик сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз», дейилган элчихона мурожаатида.

Бугун, 24 феврал куни Россия президенти Владимир Путин Донбассда махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Украинанинг кўплаб шаҳарларидаги ҳарбий объектлар, қурол-яроғ омборлари Россия ракеталари ёрдамида ўққа тутилмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбийларга жавоб зарбаларини беришни буюрди.