Жаҳон | 14:22 / 28.02.2022
23281
2 дақиқада ўқилади

РФ мудофаа вазирлиги «Украина осмонида устунлик қўлга киритилгани»ни маълум қилди

Россия авиацияси Украинанинг барча ҳудудларида ҳавода устунлик қилмоқда. Бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги расмийси, генерал-майор Игорь Конашенков ҳар кунги брифинг чоғида маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти бошлангандан буён Украина ҳарбий инфратузилмасининг 1114 объекти йўқ қилинган. Жами 314 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 57 та баравар ўт очиш реактив тизимлари, 121 та артиллерия қуроллари ва миномётлар, 274 та махсус ҳарбий автомобиль техникалари яксон этилгани таъкидлаган.

«Ўтган кун давомида саккизта «Бук М-1» жанговар техникаси, «С-300» зенит ракета комплексини бошқариш станцияси, «П-14» станциялари билан учта радиотехника позицияси ва ердаги тўртта жанговор самолёт йўқ қилинди, ҳаводаги битта самолёт уриб туширилди», деган Конашенков.

У 28 февраль куни эрталаб ҳолатига кўра, Россия армияси Украинанинг Бердянск ва Энергодар шаҳарларини ўз назоратига олгани, шунингдек, Россия ҳарбийлари Запорожье АЭС атрофини тўлиқ қўриқлаб, назорат қилаётганини маълум қилган.

Мудофаа вазирлиги вакили Россия ҳарбий амалиёти тинч аҳолига таҳдид солмаётганини яна бир бор қайд этди. Унинг сўзларига кўра, хусусан, Киевнинг тинч аҳолиси Киев—Василков автомагистрали бўйлаб шаҳардан эркин ва хавфсиз эвакуация қилиниши мумкин.

Мавзуга оид