Қайд этилишича, бугунги кунда 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратган.

Шу боис, қишлоқ жойларида бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотларга 2 миллиард сўмгача грантлар ажратилади. 

Ўзи ёки қарамоғида ногиронлиги бор яқини бўлган хотин-қизларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш борасида, нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган грантлар миқдори 5 бараварга оширилиб, 200 миллион сўмгача етказилади (амалда 40 миллион сўм).

"Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун, қўшимча шарт-шароитлар яратамиз", деди президент.

Бунинг учун тадбиркор аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилинади.

Ушбу дастур ижросига жами 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.