Жаҳон | 12:29 / 10.03.2022
29749
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма юз берди 

Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида икки давлат чегарасининг баҳсли участкаларидан бирида отишма содир бўлди.

Фото: AP Photo/Vladimir Voronin

Қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳодиса Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Тескей туманида чегаранинг белгиланмаган қисмида содир бўлган. 

Қирғизистон чегара хизматининг қайд этишича, тожик чегарачилари илгари қўллаган ҳаракат йўналишини ўзгартириб, янги чегара қўриқлаш чизиғига кирган ва қирғиз чегарачиларидан бу ҳудудни тарк этишни талаб қилган. 

Ўз навбатида, Тожикистон томонига кўра, Қирғизистон чегарачилари Тожикистон ҳудудига ўтиб, тожик чегарачиларидан бу ҳудудни тарк этишни талаб қилишган.

«Қирғизистон чегарачилари Тожикистон ҳудудига (Исфара тумани, Чоркуҳ маҳалласи, Ваҳдат) ўтиб, тожик чегарачиларидан бу ҳудудни тарк этишни талаб қилишган. Оғзаки келишмовчилик келиб чиқди, қирғиз чегарачилари биринчи бўлиб ўт очишди, бизникилар жавоб қайтарди. Отишма натижасида бир тожик чегарачиси ҳалок бўлди, икки нафари яраланди, тожик деҳқонлари ҳам яраланди», деган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири «Азия-Плюс»га.

Ҳалок бўлган чегарачи ва жароҳатланган фуқаролар ҳақидаги маълумот Исфара шаҳар марказий касалхонаси томонидан тасдиқланган. 

Чегара вакилларининг телефон орқали мулоқотидан сўнг томонлар баҳсли ҳудуддан чегара отрядларини олиб чиқиб кетишган.

Мавзуга оид