Ўзбекистон | 17:26 / 12.03.2022
12322
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистон билан мунтазам темирйўл қатновини тиклаши мумкин

Россия транспорт вазирлиги коронавирус бўйича мамлакат тезкор штабига COVID-19 муносабати билан халқаро йўловчи ташишга нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш тўғрисида сўров юборган.

Фото: Kun.uz

Бу тез кунларда яқин хориж давлатлари билан темирйўл қатнови қайта йўлга қўйилиши мумкинлигини англатади. Шунингдек, Россия Ўзбекистонга коронавирус пандемияси туфайли амалга киритилган тақиқларни ҳам бекор қилди. Лекин мунтазам қатновларнинг қачондан йўлга қўйилиши ва интенсивлиги бўйича ҳозирча маълумот берилмаган.

Kun.uz масалага ойдинлик киритиш учун Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан боғланди:

“Биз Россия транспорт вазирлиги, темирйўллари (РЖД) янгиликларини мунтазам ўрганиб боряпмиз. Бу борада режалар бор, аммо ҳали аниқ қарорга келинмаган, муддатлар белгиланмаган. Лекин музокаралар давом этмоқда, биз томондан қатновлар тикланиши учун ҳамма нарса тайёр. Яқинда самолётлар қатновига чекловлар юмшатилди, бу тез орада темирйўл орқали қатновлар ҳам тикланишини англатади. Ҳозирда бу масала юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан музокаралар олиб борилмоқда. Аниқ маълумот маълум бўлиши билан эълон қиламиз”, – деди Н. Ашурматов.

Бундан олдин Транспорт вазирлиги томонидан Россиядан Ўзбекистонга махсус йўловчи поезди қатнови амалга оширилиши хабар берилганди.

Қайд этилишича, Россиядаги ўзбекистонликларга мамлакатга келиши учун қулайлик яратиш мақсадида ушбу поездлар 2022 йил 18 ва 25 февраль кунлари “Волжский – Тошкент” йўналишида Ўзбекистон томон ҳаракатланган. 

Мавзуга оид