13:42 / 15.03.2022
36752

Туркманистондаги президентлик сайловида Сердар Бердимуҳамедовнинг ғалабаси эълон қилинди

Қолган номзодлар 1 фоиздан 11 фоизгача овоз тўплашган.

Фото: Getty Images

Туркманистон вице-премьер Сердар Бердимуҳамедов — амалдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли — мамлакатнинг янги сайланган президенти сифатида тан олинди. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги «Туркменистан сегодня» хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан табриклади.

Мамлакат марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 12 март куни бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловда Бердимуҳамедов 72,97 фоиз овоз тўплаган. 

Сайловларда жами 9 нафар номзод иштирок этган. Сердар Бердимуҳамедовдан бошқа номзодларнинг тўплаган овозлари 1 фоиздан 11,09 фоизгача бўлган:

  • Перхат Бегенжов (Лебап вилоятидаги махсус молия-иқтисодиёт мактаби директори) — 2,02 фоиз;
  • Оғажон Букмирадов (Марий вилояти ҳокими ўринбосари ) — 7,22 фоиз;
  • Сердар Бердимуҳамедов (Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари) — 72,97 фоиз;
  • Бердимаммет Курбанов («Awaza» санаторийси бош шифокори, Туркманистон Мажлиси депутати) — 2,22 фоиз;
  • Бабамурат Мередов («Wepaly gurluşyk» қишлоқ хўжалиги жамияти директори) — 1,08 фоиз;
  • Хидир Нуннаев (Туркманистон жисмоний маданият ва спорт институти проректори ) — 11,09 фоиз;
  • Максат Одешов (Туркманистон демократик партияси Тошҳовуз вилояти Сапармурод Туркманбоши этрапи қўмитаси раҳбари ) — 1,15 фоиз;
  • Максатмурад Овезгелдиев (Ахал вилояти Бабадайхон этрапи санитар-эпидемиологик хизмати раҳбари ) — 1,16 фоиз;
  • Какагелди Сариев (Туркманистон давлат энергетика институти «Қайта тикланувчи энергия манбалари» ишлаб чиқариш маркази директори) — 1,09 фоиз.

Сердар Бердимуҳамедовнинг инаугурация маросими 19 март куни «Ўғузхон» президент саройи мажмуасида ўтказилади.

Туркманистонда президентлик муддати 7 йил ҳисобланади.

Сайловларда 3 362 052 киши қатнашган, бу рўйхатга олинган сайловчиларнинг 97,17 фоизи дегани.

Мавзу
Туркманистонда президент алмашинуви
Туркманистонни 2007 йилдан буён бошқариб келаётган Арқадағ нафақага чиқади. Унинг ўғли навбатдан ташқари президентлик сайловларида номзод бўлади.
Барчаси
Top