11:05 / 23.03.2022
2005

Жўқарғи Кенгесда Қорақалпоғистонда 9 бош ёввойи тўнғизни отиб ўлдирган овчилар ҳақида маълумот берилди

Абдураҳман Сапаров

Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси раиси Абдураҳман Сапаров депутат сўровига асосан ҳозирча номаълум қолаётган овчилар ҳақида дастлабки маълумотларни берди.

Маълум қилинишича, воқеа бундан 4 йил олдин юз берган. Қўмита раиси ижтимоий тармоқда тарқалган суратларда овчиларнинг машинаси рақами аниқ кўриниб қолганига эътибор қаратди.

Абдураҳман Сапаровга кўра, суратда акс этган давлат рақами бўйича Қорақалпоғистон ИИВ ЙҲХБ ва овчилар, балиқчилар ассоциациясига расмий хат йўлланган. Улардан тегишли маълумотлар тўпланиб барча ҳужжатлар Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига топширилган.

Абдураҳман Сапаров овчиларнинг шахсини ошкор қила олмаслигини таъкидлаб, ҳолатни Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ўрганаётганини қўшимча қилди.

Фото: ekologuz

Эслатиб ўтамиз, давлат рақами 95 J 020 DA бўлган машина эгалари (овчилар) Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 9 бош ёввойи тўнғизларни овлагани акс этган сурат тарқалди.

Суратда овчиларнинг юзи ҳам аниқ кўрсатилган. Расмга олган шахсни қўшиб ҳисоблаганда 3 нафар овчи 9 бош ёввойи тўнғизни овлаган бўлиши мумкин.

Орадан икки ҳафтадан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам овчиларнинг шахси, воқеа қаерда содир бўлгани ҳақида ҳозирча қўшимча расмий маълумотлар берилмаяпти. Шуни таъкидлаш жоиз, ижтимоий тармоқда тарқалган суратда овчиларнинг юзи ва улар фойдаланган машина рақами аниқ кўринган. Kun.uz’га маълум бўлишича, овчиларнинг бири ИИБ ходими.

Kun.uz жараённи кузатиб боради ва расмийлардан ҳолат ҳақида батафсил маълумот кутади.

Top