НТВ телерепортажидан олинган тасвирлар 2 октябр куни тарқалган. Кейинроқ машинанинг янада сифатли суратлари ҳам пайдо бўлган. «Военный Осведомитель» канали ундаги комплекс ва шасси моделини шу тарзда кўрсатган.

Кадрларда эътиборни тортган асосий жиҳат — комплекснинг Минск ғилдиракли тягачлар заводи ишлаб чиқарган шассига ўрнатилгани.

Кабина ортида ускуналар бўлимлари, уларнинг юқорисида эса антенна ва ракета учириш контейнерлари жойлашган жанговар модул кўринади. Ракета қуроллари ёнида тўплар ҳам бор.

Бироқ суратлар орқали айнан шу машинада қандай электроника ва ракеталар ўрнатилганини ёки унинг тўлиқ техник имкониятларини аниқлаб бўлмайди.

Бундай вариантни тайёрлаш ҳақидаги хабарлар аввал ҳам тарқалган. BELPOL бирлашмасининг 2025 йил ноябрда эълон қилинган суриштирувига таянган маълумотларга кўра, 2024 йил бошида «Панцирь» комплекслари учун 18 та МЗКТ-7930-312 шассисига буюртма берилган. Ўша йил ёзида Туладаги Асбобсозлик конструкторлик бюроси платформанинг муваффақиятли синовдан ўтгани ҳақида хабар бергани айтилган.

Бу маълумотлар шасси буюртмасига тааллуқли. Улар 18 та тайёр ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекси етказиб берилганини тасдиқламайди: автомобил платформасига жанговар ускуналарни ўрнатиш ва текшириш алоҳида босқич ҳисобланади.

«Панцирь-С1М» модификациясининг ўзи янги эмас. «Рособоронэкспорт» уни 2021 йилги IDEX кўргазмасига оид материалларда дронларга қарши курашиш тизимининг элементларидан бири сифатида тақдим этган.

Комплекс самолётлар, вертолётлар, қанотли ракеталар, бошқариладиган авиабомбалар ва учувчисиз аппаратлардан ҳарбий ҳамда саноат объектларини ҳимоя қилишга мўлжалланган. Нишонни аниқлаш ва кузатиш воситалари, ракета ва тўп қуроллари битта машинага жойлаштирилган.

Ишлаб чиқарувчи маълумотларига кўра, С1М модификацияси ҳаводаги нишонларни 80 километргача масофада аниқлаши, 30 километргача узоқликда ва 18 километргача баландликда уриши мумкин. Бу кўрсаткичлар модификация учун эълон қилинган умумий хусусиятлар бўлиб, машғулотда кўринган машинанинг алоҳида синов натижалари эмас.

«Центр-2026» стратегик қўмондонлик-штаб машғулотларига 47 мингдан ортиқ ҳарбий жалб этилган. Машқлар 11 та полигон ва Каспий денгизи акваториясида ўтказилган. Кремл маълумотига кўра, Владимир Путин 2 октябр куни Челябинск вилоятидаги Чебаркул полигонида қўшинларнинг амалий ҳаракатларини кузатган.