Санжарбек Рашидов: Россия ТИВ сўзчиси Мария Захарова Полшада Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш ва уни Украинага етказиб бериш ҳақидаги саволга жавобан: “Яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, Европа мамлакатларидаги Украина учун қурол ишлаб чиқариш заводлари Россия учун потенциал ҳарбий нишонлар саналади”, дея таъкидлади.

Давлатлар бир-бирига бемалол қурол-яроғ сотса бўлади, бу ҳар бир давлатнинг ўзининг иши. Лекин Россиянинг позициясига кўра, бевосита Украина фронти учун махсус қуроллар ишлаб чиқариш, бунинг учун мутахассислар тайёрлаш, логистик занжирни яратиш ва шу каби чуқур таъминот узвийлиги билан боғланиш – ўша давлатни можаронинг бевосита иштирокчисига айлантиради.

Нима учун Россия бунга оғриқли реакция билдиряпти? Чунки Украинанинг европалик ҳамкорлар билан чуқур ҳарбий-саноат кооперациясига киришиши – урушнинг чўзилишига олиб келади. Украинани ҳолсизлантириб, таслим қилишга умид қилаётган Россия эса Украинага янги қон киришига тоқат қилолмайди.

Шуҳрат Расул: Украина – жаҳон қурол-яроғ бозорида ўз ўрнига эга давлат. Узоқ йиллардан бери дунёдаги етакчи қурол экспортчилари ўнталигига яқинлашиб келади. Совет Иттифоқидан қолган ҳарбий-саноат базаси мавжуд ва уруш даврида бу салоҳият янада кучайди. Бугун эса Украина ҳарбий саноатига, хусусан, Яқин Шарқ давлатларининг қизиқиши ортмоқда. Зеленскийнинг ўзи ҳам бу йўналишда қатор ташрифларни амалга оширди.

Агар Украина ҳудудига хорижий ҳарбий заводлар кўчирилса ёки қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, масала фақат қурол-яроғ хавфсизлиги ёки ишлаб чиқариш стандартларида эмас. Асосий масала шундаки, вақт ўтиши билан Украина бу технологияларни ўзлаштириб, қуролларни мустақил равишда ишлаб чиқариши ва уларни халқаро бозорда сотиши мумкин.

Дунёдаги йирик ҳарбий-саноат компанияларининг аксарияти, хусусан, Европа ва АҚШдаги кўплаб ишлаб чиқарувчилар хусусий бизнес асосида фаолият юритади. Масалан, Lockheed Martin ёки Boeing компаниясининг мудофаа йўналиши давлат корхоналари эмас, балки хусусий компаниялардир. Шу сабабли қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва экспорти масаласида ҳукуматларнинг сиёсий қарорлари билан компанияларнинг тижорий манфаатлари ҳар доим ҳам тўлиқ бир-бирига мос келавермайди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.