Ўқитувчиларга устама, қоидабузарларга жарима баллари ва очиқ бюджет — ҳафта дайжести
Kun.uz ўз анъанасига мувофиқ якунланаётган ҳафтанинг асосий янгиликлари шарҳини тақдим этади.
Мактабларда ўқитиш методикаси янгиланади
Янги ўқув йилидан бошлаб, мактабларда дарс бераётган жами 6та фан ўқитувчиларида халқаро сертификат олган ҳолда маошларини ошириб олиш имкониятига эга бўлади. Ўтган йилдан бошлаб халқаро сертификатга эга чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимига ўтилган эди. Эндиликда бундай амалиёт математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ўқитувчиларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Бу ҳақда сешанба куни президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Йиғилишда мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши эълон қилинди. Бунда, чет элдан тажрибали методистлар жалб қилиниб, кейинги 3-4 йилда барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади.
Умид қиламизки, янгича ўқитиш услуби орқали болага билимларни ёдлатишга асосланган советча услубдан ниҳоят воз кечилади. Илғор тажрибаларга кўра, болани дарсликлардаги минг хил фактларни ёдлашга эмас, балки фикрлашга ўргатиш керак. Замонавий таълим ўқувчини айнан фикрлашга рағбатлантириши, унда мулоқот ва бошқа “юмшоқ кўникмалар”ни шакллантириши, шу орқали интеллектуал ва ижодий қобилиятини ўстириши керак.
Президент йиғилишида мактаблардаги маънавиятчилар ва директорлар ҳақида ҳам сўз борди. Маълум бўлишича, республика бўйлаб мактабларда 15 мингга яқин маънавиятчи ишлаяпти, президент уларга қўйилган талабларни қайта кўриб чиқишни буюрди. Худди шундай, директорларга ҳам янги талаблар қўйилади: 1 сентябрдан уларни сертификатлаш тизими жорий этилиб, директорликка номзодлар шу тизим орқали танланади.
Президент топшириғига асосан, мактабларда намунали ўқувчиларнинг ота-онасига миннатдорчилик хати ва совғалар бериб бориш амалиёти йўлга қўйилади. Йиғилишда ихтисослашган мактабларни кўпайтириш, мактаблардаги шароитларни яхшилаш, компютер ва интернет билан таъминлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
***
Уруш ва инфляция
Россия бошлаган уруш ҳаммага, хусусан ўзбекистонликларга ҳам анча қимматга тушяпти. Миграция агентлигининг маълум қилишича, Россиядаги ўзбек мигрантларининг иш ҳақини вақтида ололмаслик ҳолатлари ошган. Йил бошидан бери 133 минг нафар мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтиб келган, агентлик сўровномасида қатнашган мигрантларнинг 40 фоизи ватанга қайтмоқчи эканини айтган.
БМТ шу ҳафта берган маълумотга кўра, март ойида уруш сабабли жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари рекорд даражада кўтарилган. Жума куни Россияда инфляция салкам 17 фоизга етгани маълум қилинди. Мустақил рус журналистлари эҳтимолий яқин келажакка ишора қилган ҳолда, узоқ йиллардан бери санкциялар остида яшаётган Эрондан репортаж тайёрлашга ҳам улгуришди.
Шу ҳафта Ўзбекистон Марказий банки инфляция бўйича иккита ҳисобот эълон қилди. Маълум бўлишича, расмий инфляция 10,5 фоиз бўлса-да, нархлар қимматлашининг аҳолига сезилган даражаси 15,7 фоизга етган. Нархлар ўсиши бўйича аҳолидаги кутилмалар ҳам охирги тўрт ой ичида биринчи марта кўтарилиб, 15 фоизга чиққан.
Kun.uz'нинг расмий рақамларга асосланган ҳисоблашлари шуни кўрсатмоқдаки, охирги 1 йилда Ўзбекистонда шакар 37 фоизга, кунгабоқар ёғи 27 фоизга қимматлашган. Ёғ нархи бўйича прогнозлар ижобий эмас, Россия 15 апрелдан бошлаб кунгабоқар ёғи экспортига чеклов киритади. Ўзбекистон эса ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини импорт ҳисобига қоплайди, импортнинг учдан икки қисми Россия ҳиссасига тўғри келади.
Қимматчиликка олиб келаётган уруш тугашидан эса ҳали-ҳамон дарак йўқ. Афсуски, Россияда ҳокимият ҳозирги эгалари қўлида қолар экан, санкциялар ҳали-бери ечилмайди. Яъни уруш тугаган тақдирда ҳам, у қандай якун топишидан қатъи назар, санкциялар ўз кучида қолади, бу эса Россия иқтисодиётига сезиларли боғланган биз каби мамлакатлар учун ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқаради. 2023 йилда инфляцияни 5 фоизга тушириш режаси амалга ошмаслиги ҳам мумкин.
***
Санкциялар UzAuto Motors'га ҳам таъсир қилди
Халқаро санкциялар фонида UzAuto Motors Россияга автомобил сотолмай қолди. Маълум бўлишича, бунинг сабаби – компания микрочипларни Жанубий Кореядан сотиб олади, Жанубий Корея эса Россияга қарши санкцияларга қўшилган. Қолаверса, Chevrolet бренди Америка компаниясига тегишли.
Бу янгилик ички бозорда навбатлар камайишига сабаб бўлолмайди, чунки Россиянинг Ўзбекистон автомобил экспортидаги улуши ўтган йили бор-йўғи 1,6 фоиз бўлган. Экспортнинг 93 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.
9 апрел ҳолатига кўра, Gentra автомобили учун навбат кутаётганлар сони 37 мингдан ошган. Яна 17 мингдан ортиқ харидор Cobalt учун навбатда турибди. Ушбу монополияга қарши курашгани билан ёдда қолган амалдорлардан бири эса шу ҳафта ишдан кетди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан олинган Бобур Каримов ўз чиқишларида бир неча бор UzAuto Motors'га берилган имтиёзларни бекор қилиш кераклигини айтганди.
Антимонопол қўмита текшириши керак бўлган айрим ҳолатлар шу ҳафта ҳам жамоатчилик эътиборини тортди. Бу – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг навбатдаги шов-шувли харидлари билан боғлиқ.
Маълум бўлишича, ҳокимлик 8 март куни ўз тизимидаги аёлларни тақдирлаш учун салкам 1 млрд сўмга Artel маиший техникаларини сотиб олган. Бундан ташқари, ўтган йилги Ўқитувчи ва мураббийлар байрамини ташкиллаштиргани учун Autograph Event номли компанияга қарийб 757 млн сўм тўлаб берилган, бу компания эса ўша вақтда Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли бўлган.
Autograph Event'нинг ҳозирги расмий эгаси бошқа одам, лекин эътиборлиси, шу одамга қарашли Profi Event номли яна битта компания очилганига эндигина 15 кун бўлган бир пайтда Тошкент шаҳар ҳокимлигидан 1 млрд сўмлик тўғридан тўғри буюртма олган. Шартнома “Янги Ўзбекистон” боғида қурилиш, декорация ва бошқа ишлар учун тузилган.
Шу ўринда яна бир маълумот, қурилганига икки йил бўлган “Ғалаба боғи” таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари сабаб шу ҳафта вақтинча ёпилди.
***
Бюджетни тақсимлаш одамларнинг ўзига қўйиб берилганида...
“Ташаббусли бюджет”нинг илк мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Лойиҳада иштирок этган фуқароларнинг сони кўпчилик кутганидан ҳам юқори бўлди, дейиш мумкин. Келиб тушган таклифлардан 40 мингтаси овозга қўйилган бўлса, уларга 6 млн 718 мингдан кўпроқ овоз тўпланди.
“Очиқ бюджет” порталида битта телефон рақам орқали фақат битта ташаббусга овоз бериш мумкин. Шундан келиб чиқиб, шартли равишда, бир киши битта овоз берган деб ҳисобласак, лойиҳада 18 ёшдан ошган ўзбекистонликларнинг учдан бир қисми иштирок этгани маълум бўлади. Бу даражадаги фаолликни, очиғи, ҳеч ким кутмаган эди. Айни шу рақамлар “халқимиз тайёр эмас” деган фараз асоссиз эканини яна бир бор исботлади. Гувоҳи бўлдикки, агар имконият берилса, халқимиз бюджет маблағлари тўғри тақсимланишида фаол иштирок этишга тайёр экан.
Лойиҳа доирасида йўлларни асфалтлаш, ичимлик суви тармоғини тортиб келиш, мактабларни таъмирлаш каби таклифларга пул ажратилиши учун ташаббускорларнинг ҳаракатлари эътиборга лойиқ. Фаоллар ғолиблик учун алоҳида режалар ишлаб чиқишди, турли тактика ва стратегиялар қўллашди: уйма-уй юриб, флаерлар тарқатилди, овоз берганларга мақтов ёрлиқлари топширилди, айрим ҳудудларда овоз берганлик учун пул мукофоти ҳам берилди.
Лойиҳада аҳолининг фаоллиги раҳбарларни ҳам бефарқ қолдирмади. Президент қарори билан 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган ташаббусларнинг ҳаммаси ғолиб деб эълон қилинди. Натижада ғолиблар сони яна 139тага кўпайди.
“Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсуми июл ойида старт олади.
***
Пенсияни пластикда олувчиларга бир фоизлик бонус
Пенсия ва нафақаларни пластик карта орқали олишга рағбатлантирувчи президент қарори эълон қилинди. Қарорга биноан, пенсия ва нафақани пластик карта орқали олувчиларга 1 майдан бошлаб қўшимча 1 фоиз ҳақ тўланади. Чунки шу санадан бошлаб банкоматлар орқали пенсия ва нафақани нақдлаштирганда 1 фоизлик комиссия жорий этилади.
Масалан, пластик карта орқали 1 млн сўм пенсия олувчи фуқарога эндиликда 1 млн 10 минг сўм тўланади. Агар у ушбу маблағини нақдлаштирмаса, 10 минг сўм ўзининг ёнида қолади.
Шунингдек, пенсионер ва нафақахўрлар пластик картадаги пулини нақдлаштириш учун туман марказига бориб юришига ҳам ҳожат қолмайди: Халқ банкининг сайёр кассалари маҳаллаларга бориб, хоҳловчиларнинг пулларини нақдлаштириб беради.
Пенсия ва нафақаларни нақд пулда етказиб бергани учун Халқ банкига 1 фоиз миқдорда бюджетдан хизмат ҳақи тўланади. Эътибор беринг, бу маблағ пенсионерлардан ушлаб қолиниши ҳақида тарқалган маълумотлар асоссиз.
Шунингдек, хориждан 1800та банкомат олиб келиниб, улар асосан олис туманларда ўрнатиладиган бўлди.
***
Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима балларини ҳисоблаш 1 декабрдан бошланади
Ҳафта бошида Шавкат Мирзиёев йўллардаги хавфсизликни ошириш бўйича қарор имзолади. Унга кўра, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш 2022 йил 1 декабрдан бошланадиган бўлди. Агар ҳайдовчининг жарима баллари 12 ой давомида белгиланган лимитдан ошиб кетса, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузар фуқаро жазо муддати тугагандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишга мажбур бўлади.
Қарорга биноан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда барча вилоятлар марказларидаги йирик чорраҳаларга рақамли бошқарув тизимлари жорий этилади. Йўл белгилари ва светофорлар кўпайтирилади, туман ва шаҳарлар йўлларнинг хавфсизлигига қараб “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Шунингдек, ҳокимларга ўз ҳудудида радар ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Ана шу радарлар орқали келиб тушган жарималарнинг 30 фоизи шу ҳудуддаги йўлларни яхшилашга сарфланади.
7 апрел кунги йиғилишда президент ички йўлларни таъмирлашни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Йиғилишда янграган асосий янгилик – эндиликда маҳаллаларнинг ички йўлларини таъмирлашда цемент-бетондан кенгроқ фойдаланишга ўтилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўллардаги “авария”лар сони ошишда давом этяпти. 2021 йилда 10 001 та ЙТҲ рўйхатга олинган, уларда 9 230 киши жароҳат олиб, 2 436 киши ҳалок бўлган. Ўлганлар сони 2019 йил билан солиштирганда сезиларли кўп.
***
Якунланаётган ҳафтада яна нималар рўй берди?
Қозоғистон ўз қўшнилари, хусусан Ўзбекистон билан ҳам ерусти чегара пунктларини 11 апрелдан бошлаб очадиган бўлди. Мамлакат чегаралари икки йил олдин, коронавирус сабаб ёпилган эди. Қозоғистонга кириш учун манфий ПЗР-тест сертификати ёки эмланганлик паспорти бўлиши керак. Эслатиб ўтамиз, 30 март санасидан бошлаб Россия ҳам Қозоғистондан кириш пунктларини очган эди.
Алишер Султонов энергетика вазири лавозимидан озод этилди. Расмий изоҳга кўра, у саломатлиги сабаб бошқа ишга ўтказилади. Султонов Энергетика вазирлигини уч йил давомида бошқарди.
Олий суд Отабек Сатторий ишини кўриб чиқиб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер ўтган йили баҳорда 6,5 йилга қамалган эди.
Автойўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳукумат мажлисида огоҳлантирилди. Вазирлар Маҳкамаси уларни жамоатчилик билан тўғри алоқа ўрната олмаган деб топди. Эслатиб ўтамиз, муаммолар юзасидан изоҳ олиш учун Баҳром Ҳайдаровнинг олдига борган журналистлар аллақандай аёлнинг ҳужумига дучор бўлаётган эди.
Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси 16,5 минг доллар билан қўлга тушди. Маълумот учун айтиб ўтамиз, худди шу ҳокимнинг собиқ ўринбосари айни пайтда қидирувда, у ҳам коррупцион жиноятда айбланмоқда.
1 июлдан бошлаб божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина қонун асосида бериладиган бўлди. Бу яхши янгилик албатта. Бироқ келгусида нафақат божхона имтиёзлари, балки божларнинг ўзи ҳам қонун асосида белгиланади ва ставкалар пасайтирилади, дея умид қилиб қоламиз.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024