Киев билан музокаралар ва санкциялар. Путин ва Лукашенко Узоқ Шарқда нималар деди
Россия президенти Владимир Путин беларуслик ҳамкасби ва доимий меҳмони Александр Лукашенко билан бирга Амур областидаги Восточний космодромида бўлди. Юрий Гагарин коинотга учганининг 61 йиллиги муносабати билан ўтказилган ташрифда Путин ва ҳамкасби Украинадаги воқеалар ҳақида гапиришди.
«Биз одамларга ёрдам беряпмиз»
Космодромни бирга айланган президентлар Украинадаги уруш ҳақида фикр алмашишди. ОАВ вакиллари ва коинотчилар билан учрашувда Путин Россияда уруш деб аташ тақиқланган «махсус ҳарбий амалиёт» ҳақида гапирди.
«Биз бир томондан одамларга ёрдам беряпмиз, уларни қутқаряпмиз, бошқа томондан Россия хавфсизлигини таъминлаш учун ҳаракат қиляпмиз.
Бизда бошқа йўл қолмаганди, бу тўғри қарор бўлди. Украинада пайдо бўлган аксилроссия кучлари билан тўқнашув муқаррар эди, гап бу қачон содир бўлишида қолганди.
Афсуски, неонацизм бизга яқин бўлган каттагина давлатнинг ҳаёт тарзига айланди. Киев Минск келишувини амалга оширишдан очиқчасига бош тортгач, Донбассдаги одамларни геноцид қилишларига ортиқ чидаб бўлмасди.
Махсус амалиётнинг барча мақсадлари тўлиқ амалга оширилади. Биз яккаланмоқчи эмасмиз. Замонавий дунёда ҳеч кимни кескин яккалаб бўлмайди, Россиядек катта давлат билан бундай қилиш эса аниқ имконсиз», деган Путин.
«Агар Россия озгина кечикканда...»
Брифингни Путин бошлаб берди ва космик соҳадаги икки давлатнинг ҳамкорлиги ҳақида гапирди. Кейинчалик сўз олган Лукашенко Украинадаги воқеалар ҳақида гапира кетди. Унинг айтишича, агар Россия «махсус ҳарбий амалиёт»ни бошлашда бироз кеч қолганида, Россия ҳудудига вайронкор зарбалар беришни мақсад қилишган. Феврал ойида ҳам бу ҳақда гапирган Лукашенко агар Россия бироз кечикканида, Украина Беларусга ҳужум қилган бўлишини айтганди.
«Агар Россия махсус амалиётни бошлашда бироз кечикканида, Россия ҳудудига вайронкор зарбалар беришга тайёрланишаётганди. Бунинг имкони борлигини бугун кўриб турибмиз.
Бучадаги воқеалар ҳақида ҳамма жар соляпти. Бу инглизлар томонидан ўтказилган руҳий махсус операция холос. Улар қандай машинада келгани, қандай рақамларда бўлгани, манзиллар ҳақида билишни истасангиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати сизга бу ҳақда маълумотлар тақдим этиши мумкин. Бўлмаса биз ҳам бу борада ёрдам бера оламиз. Россиялик дўстларимиз билан бирга бу ишлар қандай қилинганини бошидан охиригача кузатдик. Бу Ғарбнинг пасткаш позициясини кўрсатди.
Биз совуқ уруш тугаган деб юргандик, лекин Ғарб бундай ўйламаган экан. Улар ўшанда бизни йўқ қила олмаганди ва буни энди амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда», деди Лукашенко.
Беларусь президентининг айтишича, Бучадаги воқеалар Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини жорий қилиш учун уюштирилган. Олдинроқ Путин айтган гапни такрорлаган Лукашенко Россияга қарши кучлар билан тўқнашувдан қочиш имконсиз бўлгани, ҳаммаси вақтга боғлиқ бўлганини айтди.
Одатда брифингларда қоғозга қараб гапирмайдиган Лукашенко бу гал ўз нутқини деярли тўлиқ ўқиб берди. Қўлидаги қоғозга тез-тез қараб қўяр экан Лукашенко Ғарбнинг ҳаракатларини Ҳитлерникига қиёслади.
«Ўтган асрнинг 30-40 йилларида Европада бир арбоб чиқиб ўзининг тартибини ўрнатмоқчи бўлганди. Бу нима билан якунланганини яхши биламиз. Шу сабаб Вашингтон ҳам яқин ўтмишга қараб қўйса ёмон бўлмасди. Ўшанда бизнинг боболаримиз дош бериб, ғалаба қозонишганди. Минг йиллик умумий тарихимизда кўп бора бўлгани биз яна ғалаба қозонамиз», деди Лукашенко.
«Музокаралар боши берк кўчада»
Путиннинг айтишича, Украина томони Истанбулдаги музокаралардан узоқлашиб, барчасини боши берк кўчага олиб келиб қўйган.
«Истанбулдаги музокараларда маълум босқичгача келгандик. Ўшанда Киев таклиф қилаётган хавфсизлик кафолатида Қрим, Севастопол ва Донбассни аралаштирмаслиги керак эди.
Кейин биз музокаралар давом этиши учун шароит яратиб, эвазига Бучадаги провокацияга дуч келдик. Энди Украина музокаралардаги келишувдан тониб, хавфсизлик талабини алоҳида илгари суриб, Қрим, Севастопол ва Донбасс борасида алоҳида гаплашмоқчи. Яъни Киев яна бошига қайтиб, вазиятни ҳамма учун боши берк кўчага киритиб қўйди», деди Путин.
Кичкина ука ва катта оға
Лукашенконинг айтишича, Беларусь Россиянинг кичик укаси ҳисобланади.
«Ҳа, биз кичик ука сифатида доим катта оғамизни қўллашга тайёрмиз. Айнан Россиянинг шарофати билан бугун биз космик державага айландик. Россия бўлмаганда, техник жиҳатдан бундай ривожлана олмасдик.
Биз кичик ука бўлсак ҳам каттагина ваколатларимиз бор. Бу ҳақда президент Путин юзма-юз учрашувда айтди. Атом электростанциялари ҳам юқори технологик воситалар ҳисобланади. Биз уларни ҳам катта оғамиз билан бирга қурдик.
Ғарб нафақат Украинани, балки Польша каби қўшниларимизни ҳам Беларусга қарши қайрамоқда. Аммо бизнинг катта оғамиз билан бирга мудофаа тизимимиз бор. Россия каби бизни ҳам агрессор дейишмоқда. Нима, улар бизнинг қўшма армиямиз борлигидан бехабарми? Мана шундай ҳолатда катта оғамиз бизга ёрдам беради. Катта оға ҳамма нарса қила олади, кичик ука эса йўқ, деб тушуниш керак эмас», деди Лукашенко.
«Санкциялар кор қилмади»
Путиннинг айтишича, Ғарбнинг Россияга қўллаган санкцияларига қарамай, мамлакат иқтисодиёти оёқда турибди.
«Шу ўринда музокаралар босқичи бошланишида Александр Лукашенконинг хизмати катта бўлганини айтмоқчиман. Ғарб бизга қарши санкциялар белгиламоқда, аммо улар кор қилмади. Иқтисодиётимиз оёқда турибди, ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Тўғри, узоқ келажакда рисклар ошиши мумкин», деди Россия президенти.
Путин Буча бўйича хабарларга ҳам муносабат билдирди. Унинг айтишича, Бучадаги воқеалар ҳам Сурияда кимёвий қурол ишлатилгани ҳақидаги гаплар каби фейкдир. Шунингдек, Путин Украина музокараларда позициясини ўзгартиргани, аммо бунинг тафсилотларини билмаслигини айтди.
Путин Ғарб ҳосил қилган ҳолат сабаб Европада энергетика соҳасида муаммолар юзага келтирганини айтди. Унинг айтишича, бу борадаги нарх-наво 3 бараваргача қимматлашиб кетган. «Дунё совуқ уруш вақтидаги каби эмас, ҳозир дунё мураккаброқ. Унга сотиш мумкин бўлмаса, бошқасига сотса бўлади. Бир давлатдан олиш мумкин бўлмаса, бошқасини топиш мумкин».
«АҚШ охирги украиналик қолгунча урушмоқчи»
Олдинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «махсус ҳарбий амалиётдан мақсад» АҚШнинг гегемонлигига чек қўйиш эканини ҳам айтганди. Бу борада аввалги Россия позицияларида маълум қилинмаганди.
Путин ҳам брифингда шунга ўхшаш гап қилди: «АҚШ охирги украиналик қолгунга қадар урушмоқчи, деган гап айтилмоқда. Бизда ҳам бор бу гап.
Биласизми, аслида ҳам шундай. Бўлаётган ишларнинг мақсади шундай. Кимдир ўзининг иқтисодий гегемонлигини сақлаб қолишга уринади, аммо бу имконсиз. Шунчаки охирги йиллардаги иқтисодиётларнинг ривожланиш босқичига қараш керак», деди Путин.
Мавзуга оид
23:47 / 23.11.2024
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
12:21 / 23.11.2024