— Трамп Оқ уйда Путиннинг махсус вакили Кирилл Дмитриев билан учрашди. Украиналикларсиз ўтказилган бу учрашув ҳақида нималар маълум?
Шуҳрат Расул: Матбуотга ҳеч қандай маълумот сиздирилгани йўқ. Менинг шахсий тахминим шуки, Дмитриев президент Путиннинг махсус шартларини Трампга етказган ва у билан ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда. Трампнинг партияси сайловларда мағлубиятга учрагани ва Конгресс демократлар назоратига ўтгани билан, унинг Россияга хайрихоҳ муносабати ўзгаргани йўқ. Менимча, ҳозирги муҳокамаларнинг марказида «Умумевропа хавфсизлиги» тушунчаси турибди. Бу иборани томонлар турлича талқин қилади.
Россия бу тушунчани Потсдам конференциясида белгиланган тамойилларга қайтиш сифатида талқин қилади. Москва назарида, Умумевропа хавфсизлиги – НАТОнинг 1997 йилдан кейинги ҳарбий инфратузилмасини ўша даврдан кейин алянсга қўшилган давлатлар ҳудудидан олиб чиқиш ва Шарқий Европага нейтрал мақомни қайтаришни англатади.
Европа Иттифоқи эса Умумевропа хавфсизлиги тушунчасига Украинани ҳам киритади. Брюссел учун Украина – Европанинг ажралмас қисми, унинг биринчи мудофаа чизиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилувчи муҳим қалқондир.
Дмитриев Трампга айнан Россиянинг талқинини етказишга уринаётган бўлиши мумкин. Дмитриев, Лавров ёки бошқа вакиллар Вашингтонга келганида, Россия хавфсизлик масаласини ўз манфаатлари нуқтайи назаридан тушунтиради. Москванинг асосий даъвоси шуки, Совуқ уруш якунида кучлар мувозанати Россия зарарига ўзгарган. СССР парчаланиб, МДҲ давлатлари ташкил топди, Шарқий Европа мамлакатлари эса Варшава шартномасидан чиқди. Россия бу жараённи Совуқ урушдаги мағлубиятининг натижаси сифатида кўради. Москва назарида, ўша даврда бузилган кучлар мувозанатини тиклаш орқали Умумевропа хавфсизлигига эришиш мумкин.
Амалда эса бу Россиянинг собиқ совет ҳудудлари ва Шарқий Европадаги таъсирини қайта тиклаш истагини англатади. Бу – империявий сиёсатдан воз кечмасликнинг ўзидир. Кирилл Дмитриев эса Россиянинг бу талабларини Ғарбга нисбатан юмшоқроқ, иқтисодий манфаатлар орқали тушунтиришга уринади. У бир томондан Россиянинг сиёсий талабларини баён қилса, иккинчи томондан Ғарб компанияларига турли иқтисодий имкониятларни таклиф қилади. Масалан, Россиянинг Арктикадаги табиий бойликларини ўзлаштиришда Ғарб компаниялари иштирок этиши мумкинлигини таъкидлайди.
Ҳатто Аляска билан Россия ўртасида Беринг бўғози орқали туннел қуриш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган. Унинг қиймати 60 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бироқ бундай лойиҳанинг иқтисодий ва амалий мақсадга мувофиқлиги шубҳали. Чунки бўғознинг ҳар икки томонидаги ҳудудлар аҳоли жуда сийрак яшайдиган, инфратузилмаси чекланган минтақалардир. Шунга қарамай, Россия томони бундай лойиҳаларни матбуотда катта иқтисодий имконият сифатида тарғиб қилмоқда. Аслида эса бу таклифлар асосий сиёсий мақсадни ниқоблашга хизмат қилади.







