Баҳорги мавсум Заковат ўйинлари билимдонлар ва мухлислар эътиборига янги мавсум ўйинларини ҳавола қилишда давом этмоқда. Ўйиндан ўйинга қизиқиш ортаётган турнирнинг бу галги сонида Фаррух Рафиқов ва унинг жамоаси иштирок этди. Баҳорги мавсумда иштирок этаётган энг тажрибали икки жамоанинг бири ҳисобланган мазкур жамоа кутилганидай ёрқин ўйин намойиш этди. Шубҳасиз, жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз соҳасининг етук ва кучли мутахассисларидир.

Жамоа аъзолари:

Фаррух Рафиқов – муҳандис-лойиҳачи (жамоа сардори);

Азизбек Абдуллаев – мустақил тадқиқотчи;

Умархон Шариф – муҳандис;

Равшан Исмоилов – UzTelecom акциядорлик жамияти мутахассиси;

Саидкамол Абдураззоқов – менежер;

Шавкат Улуғов – муҳандис-технолог.

Араб тили лексикологияси ҳақидаги савол билан бошланган биринчи раунд жамоада тўғри вариант бўла туриб нотўғриси танлангани билан эсда қолди. Ҳисоб – 0:1.

Иккинчи раунд саволи Россия императорлари тамадди вақтида ишлатадиган бўртма шиша идишлар ҳақида бўлди. Бу раундда ҳам жамоа тўғри вариант қолиб нотўғрисини берди – 0:2.

Ниҳоят, учинчи раундда жамоа тўғри вариантни “қочириб” юбормади. Бу раундда адабиётга мурожаат қилиниб, Нодир Норматовнинг “Кўзгудаги икковлон” асари воқеалари асосида Сибирга сургун қилинганлар ҳақида савол ўйналди. Жамоа биринчи очкони қўлга киритди – 1:2.

Тўртинчи раундда табиат мўъжизаларидан бири – асаларилар рақси ҳақида ажойиб савол янгради. Асаларилар рақсларини ўрганган олим Нобель мукофотига сазовор бўлганини билардингизми? Ушбу саволда қийин аҳволда қолган жамоа тажрибали ўйинчиси Саидкамол Абдураззоқовга ишонч билдирди. “Заковат” магистрининг унча ишонқирамай берган жавоби тўғри бўлиб чиқди. Ҳисоб тенглашди – 2:2.

Кейинги раундда Вьетнам уруш даврида дала госпиталларида сақланган велосипедлар ҳақидаги савол ўртага ташланди. Билимдонлар қийинчиликсиз тарози палласини ўзлари тарафга оғдирди. Ҳисоб – 3:2.

Олтинчи раундда икки киши учун мўлжалланган ғаройиб қайчи ҳақидаги саволга муддатидан олдин тўғри жавоб берилди – 4:2.

Еттинчи раунд саволи бутун дунёга машҳур “Иф” қалъаси ҳақида бўлди. Муҳокамаларга бой ўтган ушбу савол нафақат билимдонларда, балки залдагиларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Кетма-кет бешинчи саволга тўғри жавоб берган жамоа 5:2 ҳисобида олдинга чиқиб олди.