БМТ: Дунё бўйлаб қочқинлар сони биринчи марта 100 миллион кишидан ошди
Россиянинг Украинага қарши уруши ва бошқа мамлакатлардаги қуролли тўқнашувлар зўравонлик ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли ўз уйини ташлаб кетган қочқинлар ва ички кўчганлар сонининг кўпайишига олиб келди.
Инсон ҳуқуқлари бузилиши ва зўравонлик туфайли ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган қочқинлар ва ички кўчганлар сони тарихда илк бор сайёрада 100 миллион кишилик чегарадан ошди. Бундай маълумотлар 23 май, душанба куни Женевада БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси томонидан эълон қилинди. Россиянинг Украинадаги агрессив уруши ва бошқа қуролли можаролар вазиятнинг ривожланишига жиддий ҳисса қўшди, дея қайд этди БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги.
Юз миллион - бу ҳам ҳаяжонли, ҳам ташвишли рақам, деди БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди. «Бу ҳалокатли можароларни ҳал қилиш ва олдини олиш, таъқибларни тўхтатиш ва бегуноҳ одамларни қочишга ундайдиган асосий сабабларни бартараф этиш учун уйғониш қўнғироғи бўлиши керак», деди у.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг янги маълумотларига кўра, Эфиопия, Буркина-Фасо, Мьянма, Нигерия, Афғонистон ва Конго Демократик Республикаси каби давлатлардаги зўравонликларнинг янги тўлқинлари ёки чўзилиб кетган можаролар туфайли 2021 йил охиригача дунёда мажбурий кўчирилганлар сони 90 миллионга етди.
Украинадаги уруш 2022 йилда 8 миллион кишининг бу мамлакат ичида бошқа жойга кўчиб кетишига олиб келди. Бундан ташқари, Украинани тарк этган 6 миллиондан ортиқ қочқин рўйхатга олинган.
Айни пайтда, одамларнинг Украинадан чиқиб кетишга бўлган эҳтиёжига халқаро муносабат «ижобий бўлди», деди Гранди. Одамларда меҳр-шафқат бор, айнан шунга ўхшаш нарса бутун дунё бўйлаб инқирозларни бартараф этиш учун керак, дея хулоса қилди БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари.
Мавзуга оид
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024