Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада давлатларнинг БМТ тизимига ажратган маблағлари таққосланган. Маълумотлар БМТ тизими раҳбарларининг мувофиқлаштириш кенгаши — CEB ҳисоботларига асосланган.

Европанинг етакчи донорлар орасидаги иштироки билан бирга, айрим нисбатан кичик иқтисодиётларнинг ҳиссаси ҳам эътиборга молик. Жумладан, Швеция, Норвегия ва Нидерландия иқтисодиёти анча йирик бўлган айрим давлатлардан кўпроқ маблағ ажратган.

Мажбурий ва ихтиёрий бадаллар

БМТ давлатлар ажратадиган маблағлар ҳисобидан тинчликпарварлик амалиётлари, гуманитар ёрдам ва бошқа дастурларни молиялаштиради. Бу маблағлар икки асосий турга — мажбурий ва ихтиёрий бадалларга бўлинади.

Мажбурий бадаллар мамлакатнинг тўлов қобилиятига қараб ҳисобланади. Бунда ялпи миллий даромад, қарз юки ва аҳоли жон бошига даромад каби кўрсаткичлар инобатга олинади.

БМТнинг мунтазам бюджети учун бир давлатнинг мажбурий бадалига 22 фоизлик юқори чегара белгиланган. АҚШнинг ушбу бюджетдаги улуши шу максимал даражага тенг. Бу кўрсаткич БМТ тизимига ажратиладиган барча маблағларнинг 22 фоизи дегани эмас.

Тинчликпарварлик амалиётларини молиялаштиришда алоҳида формула қўлланади. У БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари учун юқорироқ ставкаларни назарда тутади. АҚШ қонунчилиги эса, одатда, мамлакатнинг бундай амалиётлар харажатларидаги улушини 25 фоиз билан чеклайди.

Ихтиёрий бадалларга бу чекловлар татбиқ этилмайди. Давлатлар улар орқали БМТ Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва бошқа тузилмаларнинг муайян ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Кўпроқ маблағ кўпроқ овоз бермайди

Давлатнинг молиявий ҳиссаси БМТ Бош Ассамблеясидаги овозлар сонини ўзгартирмайди. Ҳар бир аъзо мамлакат қанча маблағ ажратишидан қатъи назар, битта овозга эга.

Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси эса вето ҳуқуқига эга бўлиб, бу уларга қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатишнинг алоҳида механизмини беради.

Шу билан бирга, давлатлар ихтиёрий маблағларини аниқ дастурларга йўналтириши мумкин. Бу қайси гуманитар ташаббуслар ва ривожланиш лойиҳалари молиявий кўмак олишига таъсир қилади.