Иқтисодиёт | 08:55 / 11.06.2022
25163
2 дақиқада ўқилади

Кореянинг BNK Financial Group молиявий гуруҳи Ўзбекистон бозорига кирмоқчи

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида BNK Financial Group директорлар кенгаши аъзоси, BNK Financial Group ижрочи директори Ли Ду-Хо бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Вазирлик хабарига кўра, музокаралар чоғида компаниянинг Ўзбекистон банк-молия бозорига киришига доир инвестициявий режалари билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хорижий томон компания фаолияти ҳамда унинг халқаро миқёсдаги илғор тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Учрашув чоғида иккала томон манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда фаолият юритаётган хорижий инвесторлар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилувчи Ўзбекистон қонунчилик базасини батафсил муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида томонлар бир қатор қўшимча учрашувлар ўтказишга келишиб олди. Уларнинг мақсади Жанубий Кореянинг молиявий гуруҳи билан конструктив мулоқот олиб бориб, унинг Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам беришдир. Бунинг учун биргаликда олиб бориладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Маълумот учун: BNK Financial Group компанияси 2011 йилда Пусан шаҳрида «Busan Bank», «Kyongnam Bank», «BNK Capital» ва бошқа молиявий компаниялардан ташкил топган молиявий гуруҳдир. BNK Financial Group Жанубий Кореяда 379 та филиал ва 114 та бўлим, шунингдек чет элда 28 та филиал ва 3 та ваколатхонага эга. BNK Financial Group активлари 100 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Мавзуга оид