Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондон «ДХР»даги британияликлар тақдирини Москва билан эмас, Киев билан муҳокама қилади
БМТ Украина учун жанг қилган уч нафар хорижликнинг «ДХР»да ўлим жазосига ҳукм қилинганини қоралаб, буни ҳарбий жиноят деб атади.
Буюк Британия расмийлари «Донецк халқ республикаси»да қироллик фуқаролари ўлим жазосига ҳукм қилингани масаласини Россия билан эмас, балки Украина билан музокараларда муҳокама қилади. «Бизнинг устувор вазифамиз Украина ҳукумати билан биргаликда уларни имкон қадар тезроқ озод қилишга ҳаракат қилиш», деди Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг расмий вакили 10 июнь, жума куни.
Шунингдек, у Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан суҳбатда бу масалани кўтарганини айтди. Буюк Британия британиялик Эйден Аслин ва Шон Пиннерни озод қилиш учун Россия билан музокара олиб борадими, деган саволга жавобан Даунинг-стрит Россия расмийлари билан «доимий алоқа» йўқлигини билдирди. Бундан ташқари, Аслин ва Пиннер «Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари сифатида Женева конвенцияси ҳимоясида» экани кўрсатиб ўтилди.
Айни пайтда, БМТ Украина томонида жанг қилган ва Россия томонидан асирга олинган икки британиялик ва бир марокашлик «ДХР»да ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги хабарлардан ташвиш билдирди. «БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси»да «Олий суд» сифатида кўрилувчи муассаса томонидан уч нафар ҳарбий хизматчига нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукмидан ташвишда», - дея Женевада журналистларга маълум қилди бошқарма расмий вакили Равина Шамдасани.
У «ДХР» ва «ЛХР»да инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳолатларини тилга олди. «2015 йилдан буён биз ўзини мустақил деб эълон қилган «республикаларда» суд тизими адолатли суд жараёнининг асосий кафолатлари бўлган очиқ эшитувлар, судлар мустақиллиги ва холислиги, кўрсатма беришга мажбурламаслик каби ҳуқуқларга амал қилмаётганини кузатдик. Ҳарбий асирлар устидан бундай суд жараёни ҳарбий жиноятга тенглаштирилади», - деди Шамдасани.
Расмий Берлин ҳам Украина шарқидаги Киев назорати остида бўлмаган минтақада чиқарилган ўлим жазо ҳукмини кескин танқид қилди. Бу хабарлар даҳшатли, деди Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили. «Фуқаролигидан қатъи назар, қуролли кучлар хизматчилари, жумладан, Украина томонида жанг қилаётган ҳарбий хизматчилар жанговар ҳаракатлар иштирокчилари ҳисобланади ва халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ алоҳида ҳимоядан фойдаланиши лозим», — дея қўшимча қилди у.
Федерал ҳукумат бундай қарорларни Россиянинг «халқаро гуманитар ҳуқуқ элементар тамойилларига тўлиқ эътибор бермаслиги»нинг яна бир далили деб ҳисоблайди, деди Германия ТИВ вакили.
Куни кеча Россия давлат ОАВлари Украинадаги ҳарбий можарода иштирок этган британиялик Эйден Аслин ва Шон Пиннер, шунингдек, марокашлик Саудун Брахим Россия назоратидаги Донецкда судга тортилгани ва улар «ёлланма аскар сифатида тан олиниб, «ДХР»да ҳокимиятни эгаллаб олиш ва «конституциявий тузум»ни ағдаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар содир этганликда айбдор» деб топилгани ҳақида хабар берган эди. Учала шахс ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинди. Улар ҳукмлар устидан шикоят қилиш ва афв этиш имконияти ҳақида хабардор қилинган.