Америкалик сенаторлар қурол сотиш қоидаларини кучайтиришга келишиб олди
Демократлар ва республикачилар минимал муросага келди, у 21 ёшгача бўлган шахсларга қурол сотиш бўйича қатъий қоидаларни қўллаш имконини беради.
АҚШда Демократик ва Республикачи партиялардан бир гуруҳ сенаторлар ўқотар қурол сотиш қоидаларини қатъийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлади. 20 нафар сенатор бу ташаббусни 12 июнь, якшанба куни эълон қилди.
Сенаторлар 21 ёшгача бўлган потенциал қурол сотиб олувчиларни текширишни кучайтиришни, штатларга қуролларнинг хавфли деб топилган одамлар қўлига тушмаслигидан сақлаш учун кўпроқ ресурслар тақдим этишни, миллий маълумотлар базасига оиладаги зўравонлик бўйича судланганлик ва тақиқловни қўшишни таклиф қилмоқда.
Таклифлар икки томон вакиллари эришган қуролларни эркин сотишни чеклаш масаласи бўйича минимал муросага келишни ифодалайди. Умуман олганда, республикачилар бу соҳани қаттиқ тартибга солишга қарши туришда давом этмоқда. Ташаббусни камида 10 нафар республикачи сенатор қўллаб-қувватлагани боис, унинг асосида тайёрланган қонун лойиҳаси АҚШ Сенатида керакли овозларни олиши мумкин.
Ҳозирги таклиф Техас ва Нью-Йоркда яқинда содир бўлган отишмаларга жавоб бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам кўп сонли қурбонларга олиб келди. Техасдаги бошланғич мактабда 19 нафар бола ва икки ўқитувчи, Нью-Йоркда эса 10 нафар қора танли фуқаро супермаркетда ўлдирилди. Муросага 11 июнь куни АҚШ шаҳарларида қурол-яроғларнинг эркин сотилишига қарши бўлиб ўтган йирик намойишлардан бир кун ўтиб эришилди.
Президент Жо Байден сенаторларнинг ташаббусини олқишлади ва уларни тегишли қонунни имкон қадар тезроқ қабул қилишга чақирди, аммо бу чоралар етарлича эмаслигини таъкидлади. Байден аввалроқ қаттиқроқ чекловлар, жумладан Техас ва Нью-Йоркда қўлланилган милтиқларни сотишни тақиқлаш ёки уларни сотиб олиш ёшини оширишни таклиф қилган эди. Бундан ташқари, президент қонунчиларни айрим дўконларни тақиқлашга, ўқотар қуролларни хавфсиз сақлаш бўйича кафолат беришга ва қурол ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортишга рухсат беришга чақирди.
Июнь ойида демократлар томонидан назорат қилинадиган вакиллар палатаси кўплаб ярим автоматик милтиқларни сотиб олиш ёшини 18 ёшдан 21 ёшга оширишни ўз ичига олган кенг қамровли таклифларни қабул қилди. Аммо демократлар уни республикачилар кўпчиликни ташкил этувчи Сенатда маъқуллаш учун зарур бўлган овозларга эга эмас.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024