Жаҳон | 13:56 / 14.06.2022
33326
6 дақиқада ўқилади

Украинларнинг Донецкка ҳужуми, «Азовстал» харобалари. Уруш суратлари

13 июн куни Украина мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Северодонецк шаҳри марказини эгаллаганини маълум қилди. Россия давлат нашрлари Донецкда ракета зарбаси оқибатида туғуруқхона ёниб кетгани ҳақида хабар қилишди. «ДХР» вакили шаҳар бозори ҳам ўққа тутилганини хабар қилди — камида уч киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. Украина қуролли кучлари бу маълумотлар бўйича изоҳ бермади. Украина полицияси бошлиғи Игор Клименко 12 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши билан боғлиқ жиноий ишлар доирасида текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

Северодонецк. Фото: Marcus Yam / Los Angeles Times via Getty Images

Урушнинг 110-кунидан асосий маълумотлар

  • Северодонецк билан боғловчи барча кўприклар вайрон қилинган - бу ҳақда Луганск ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай маълум қилди. Бу шуни англатадики, энди йўллар орқали Северодонецкка гуманитар ёрдам етказиш ва у ердан эвакуация амалга ошириш имкони йўқ, аммо украин армияси қуршовга тушмаган ва ҳимояланишда давом этади.
  • РИА Новости ва «Известия» мухбирлар, шунингдек ТАСС агентлиги Донецкдаги туғуруқхона ўққа тутилганини хабар қилишди. Уларнинг ёзишича, туғуруқхона ходимлари ва ҳомиладор аёллар эвакуация қилинган. Жабрланувчилар ҳақида маълумотлар йўқ.
  • Тан олинмаган «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Донецк ўққа тутилганидан кейин «Киев барча чегараларни кесиб ўтгани» ҳақида айтди. Шунингдек «Донецк ўққа тутилиши муносабати билан қўшимча иттифоқчи кучлар, биринчи навбатда РФ кучлари ҳаракатга киришиши зарурлиги»ни айтди.
  • Amnesty International тадқиқотчилари Россия томонидан Харковда ҳарбий жиноятлар содир этилганига далиллар топилганини айтмоқда. Унга кўра Россия ҳарбийлари апрел ойида ва май ойи бошида шаҳарда кассетали ўқ-дорилар ва миналар қўллагани, бунинг натижасида тинч аҳоли вакиллари жабрлангани айтилган. Ҳозирда Харковда ишлаётган BBC журналистлари ҳам шундай хулосага келишган.
  • Henley&Partnetrs таҳлил агентлиги прогнозларига кўра, жорий йилда Украинага босқин туфайли Россияни 15 мингдан ортиқ бадавлат кишилар тарк этишган. Украинада ҳам шу каби кўрсаткич: йил охирига қадар мамлакатни 2,8 минг миллионер тарк этиши кутилмоқда (бу мамлакатдаги барча миллионерларнинг 42 фоизига тенг).
  • Володимир Зеленский украинларни Россия томонидан эгаллаб олинган шаҳарлар ва ҳудудлар аҳолиси билан кўпроқ мулоқотда бўлишга ва уларга украин армияси албатта бориши ва уларни озод қилишини эслатишга чақирди.

Қуйида 13 июн куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Одесса

Одесса опера ва балет театри олдида ўсаётган гуллар орасидаги қум тўлдирилган қоплар.
Viacheslav Onyshchenko / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Мариупол

Россиялик ҳарбий «Азовстал» заводи ҳудудидаги харобалар орасида. Харобалардаги ибора советларнинг «Жангга фақат кексалар борадилар» фильмидаги машҳур иқтибосга ишора қилади — «Рейхстаг харобаларидан мамнунман». Ўз навбатида, бу иқтибоснинг келиб чиқиши совет аскарлари 1945 йил апрел-май ойларида Берлин эгаллангач, Рейхстаг деворларида қолдирилган ёзув билан боғлиқ. Мариуполга пресс-тур РФ мудофаа вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Май ойининг иккинчи ярмида «Азовстал»ни икки ойдан ошиқ вақт мобайнида мудофаа қилган украинларнинг «Азов» полки ҳарбийлари асирликка тушганди. Шундан буён шаҳар россиялик ҳарбийлар назоратида. Фото: Владимир Гердо / ТАСС

Киев области 

Эвакуация бригадаси аъзолари Буча яқинидаги биродарлик қабристонида жасадларни эксгумация қилмоқда. Март ойи охирида россиялик ҳарбийлар Киев областини ташлаб кетишган, кўчаларда, уйлар ва биродарлик қабристонларида юзлаб тинч аҳоли вакиллари жасадлари аниқланганди. 
Natacha Pisarenko / AP / Scanpix / LETA

Донецк 

Донецкнинг Буденновский районидаги бозор бўйлаб чопаётган киши. «ДХР» расмийлари Украина қуролли кучлари зарбаларидан кейин бозор ҳудудида ёнғин чиққанини маълум қилган. Сўнгги ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Америка Урушларни тадқиқ қилиш институтига кўра, Россия ҳарбий кампаниясининг асосий мақсади Украина шарқи — Харков жануби, Донецк ва Луганск областлари бўлиб қолмоқда. Фото: Николай Тришин / ТАСС
Зарбалардан кейин Донецк устида кўтарилган тутун. Фото: Юрий Кадобнов / AFP / Scanpix / LETA

Донбасс шимоли 

Украиналик ҳарбийлар Американинг минора ўрнатилган M109 гаубицасида. Бундай қурилма пулемётлар ёки кичик калибрли автоматик замбараклар ўрнатиш ва уларни бошқариш учун қўлланади. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Луганск областидаги Северодонецк устидаги тутун. Британ разведкасига кўра, Россиянинг асосий оператив мақсади Донбассда Северодонецк «котели»ни ҳосил қилиш бўлиб қолмоқда. Шаҳар учун жанглар май ойидан буён давом этмоқда, Россия томони бир неча бор амалда шаҳар устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган. Украина ҳукумати Северодонецкнинг катта қисми россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллангани, украин ҳарбийлари шаҳарнинг катта ҳудудини эгаллаган «Азот» кимёвий заводида ҳимояланаётганини маълум қилган. 13 июн куни Украина мудофаа вазирлиги россияликлар шаҳар марказини қўлга олишганини тасдиқлади. Фото: Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Лисичанск аҳолисини нисбатан хавфсиз ҳудудлар — Краматорск ва Славянскка эвакуация қилаётган кўнгиллилар машинасида ўтирган болакай. Машина ярим йўлда, Северскда тўхтаган, ўнқир-чўнқир йўлларда ва иссиқда қийналган йўловчиларга бироз дам бериш учун.
Marcus Yam / Los Angeles Times / Getty Images

Мавзуга оид