Жаҳон | 08:19 / 15.06.2022
10783
3 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Ғарб Украинага кўпроқ оғир қуроллар юбориши керак 

НАТО бош котибининг сўзларига кўра, Украина «Россия шафқатсиз босқинига» қарши туриш учун ғарбнинг ҳарбий ёрдамига «мутлақо қарам».

Фото: AFP

Ғарб давлатлари Россиянинг мамлакат шарқидаги олға силжиши олдини олиш учун Украинага кўпроқ оғир қуроллар юбориши керак. Бу ҳақда 14 июнь, сешанба куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянснинг еттита давлати – Нидерландия, Дания, Полша, Руминия, Латвия, Португалия ва Бельгия етакчилари билан учрашувдан сўнг Ҳаагадаги матбуот анжуманида маълум қилди

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Украина «Россиянинг шафқатсиз босқинига» қарши туриш учун ғарб ҳарбий ёрдамига «мутлақо қарам». НАТО бош котибининг таъкидлашича, альянс аллақачон Киевга оғир қуроллар етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича баъзи қадамлар қўйган. НАТО давлатлари етакчилари 15 июнь куни Брюсселда ушбу йўналишдаги кейинги ҳаракатларни муҳокама қилади. 

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий ўша йиғилишда сўзга чиқиб, Ғарб Украинани қўллаб-қувватлаш учун «етарлича ҳаракат қилмаяпти», деди. Шу боис у Киевга кўпроқ қурол, жумладан артиллерия жўнатишга чақирди. «Агар биз Россиянинг ғалаба қозонишига йўл қўйсак, кейин ҳеч қандай баҳона топишга имкон бўлмайди. Бу бутунлай муваффақиятсизлик ва Европа иттифоқи, қадриятларимиз ва НАТО учун фалокат бўлади», деди Моравецкий. 

Украина раҳбарияти бир неча бор ғарбдаги иттифоқчиларидан давом этаётган жанглар шароитида қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш ва тезлаштиришни сўраган. Володимир Зеленский 14 июнь куни урушнинг 111-куни якунларига бағишланган видеомурожаатида яна шу мавзуни кўтарди. Бу сафар Украина президенти Ғарбнинг алоҳида эътиборини Украинада ракетага қарши замонавий тизимлар йўқлигига қаратди. 

«Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучимиз Россия ракеталарининг «қанотларини кесишга» муваффақ бўлди. Босқинчилар шаҳарларимизга қарата йўналтирган ракеталарнинг бир қисми уриб туширилди. Одамлар ҳаёти сақлаб қолинди, инфратузилма сақлаб қолинди. Лекин фақат бир қисми уриб туширилди. Афсуски, қурбонлар, вайронагарчиликлар бор. Бугун зарба Львов ва Тернопил областларига бўлди. Биз ҳамкорларимизга қайта-қайта такрорлаяпмизки, Украина ракетага қарши замонавий қуролларга муҳтож. Уни тақдим этишдаги кечикишларни оқлаб бўлмайди», — деди Зеленский. 

Мавзуга оид