Ўзбекистон | 07:32 / 16.06.2022
2624
2 дақиқада ўқилади

Спорт муассасаларини қуриш ва таъмирлашда 11,8 млрд сўм талон-торож қилинган

Спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва унинг қуйи тармоқлари томонидан президент қарорлари ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси давлат спорт ташкилотлари ва спорт-таълим муассасаларида ўрганилди.

Бош прокуратура хабарига кўра, ўрганиш доирасида 127 та текшириш ўтказилиб, 948 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ва 356 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, 463 та объектларда ўрганишлар ўтказилиб, 26,1 млрд сўмлик етказилган зарар аниқланди. Текшириш давомида 9,8 млрд сўмлик зарар ундирилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 65 та жиноят иши қўзғатилди.

Хусусан, 2019-2021 йилларда:

  • спорт-таълим муассасалари эҳтиёжлари учун ажратилган 19 та ҳолатда 6,4 млрд сўм;
  • спорт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш учун 17 та ҳолатда 11,8 млрд сўм;
  • спорт жиҳозларини сотиб олиш учун 6 та ҳолатда 2,7 млрд сўм;
  • ўтказилмаган ўқув машғулот йиғинлари учун 5 та ҳолатда 1,4 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Спортни ривожлантириш вазирлиги ва тизим идоралари  мутасаддилари, шунингдек, Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Ш.Назаров иштирокида тизимда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид