Баҳсга депутат Расул Кушербаев томонидан иккинчи ўқишда муҳокамага олиб чиқилган “Электрон далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси сабаб бўлди.

Кушербаев қонун лойиҳасига биринчи ўқишдаги таклифларни инобатга олиб ўзгартиришлар киритилгани, деярли бошқа ўзгартиришлар йўқлигини маълум қилди. Шундан сўнг депутатлар қонун лойиҳаси бўйича фикрларини билдирди.

Депутат Илҳом Абдуллаев бу қонун лойиҳаси фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини қўпол равишда бузиши, уни қабул қилиш мумкин эмаслигини айтди.

“Жиноят процессуал кодексига [таклиф этилаётганидек] 201-1-моддани киритиш – шунчаки жиноят”, – деди у.

Кушербаев бу модда бўйича ўтган сафар ҳам муҳокама кўтарилганини айтиб, тушунтириш берди.

“Терговчи, суриштирувчи, прокурор ёки суднинг талабига кўра фуқаролар, корхона, муассаса, ташкилот раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар тергов ёки суд ҳаракатларини юритиш учун зарур бўлган, ўз ихтиёрларидаги маълумотларни тақдим қилиши кераклиги ҳақида гап кетяпти. Бу амалиётда ўз ихтиёридаги ҳамма маълумотларни тақдим этиш талабига олиб келиши мумкин, деган фикрлар ҳам айтиляпти, лекин бу ерда аниқ қилиб ёзиляптики, суд ҳам, терговчи ҳам иш учун зарур бўлган маълумотларнигина сўрайди.

Амалиётда ҳам шундай бўлиб келяпти: одил судловни амалга ошириш учун нимаики маълумот зарур бўлса, ўша зарур қисмини олиш мумкин. Яъни ихтиёрингдаги ҳамма маълумотни берасан деган ҳолат амалиётда бўлмаган. Биз буни амалиётчилар, мутахассислар билан ҳам гаплашдик, амалиётда бунақа бўлмаган.

Яна битта томони, ўтган сафар муҳокамаларда таклиф этилаётган қонуннинг биринчи моддасига спикеримиз қарши овоз бергани экранда кўриниб қолгач, аксарият депутатларимиз кейинги моддаларга қарши овоз беришга ўтиб кетди. Шунга президиум аъзолари кимга овоз берганини кўрсатмасак, холисроқ бўларди. Чунки ўтган сафар кўрдикки, бир қатор депутатларнинг фикрлари спикеримиз берган овоздан кейин ўзгариб қолди. Айнан ҳозир муҳокама қилаётган моддамиз ўзи 2-ўқишдан ўтиб бўлган”, – деди Кушербаев.

Олий суд судьяси Илҳом Раҳмонқулов Кушербаевни қўллаб-қувватлади.