Ўзбекистон | 07:40 / 22.06.2022
10706
1 дақиқада ўқилади

Боғчалардаги коррупция ҳолатлари ҳақида маълумот берилди

АОКАда Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Ойбек Турдиев иштирокида ўтказилган брифингда болалар боғчаларидаги коррупция ҳолатлари ҳақида маълумот берилди.

Фото: t.me/aokamediakontent

Қайд этилишича, Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 43-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти ходими Урганч шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бирига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, тамагирлик йўли билан 2 миллион сўм олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган. 

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани мактабгача таълим бўлимида 50,1 млн сўм бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланиб, тегишли шахсларга жиноят иши қўзғатилди.

Президент қарори талабларига зид равишда 4 та ҳолатда вазирлик рухсатисиз давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳудудидаги ер участкалари бериб юборилгани ҳолатлари аниқланган. 

Билдирилишича, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.

Мавзуга оид