– Икки йил аввал ёшлар жамоасини бошқараётган эдингиз, кейин коронавирус сабаб кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ҳозир нималар билан бандсиз?
– Ҳа, у жамоа билан икки йил давомида ишладим. Бу жамоада ишлаш мен учун яхши чақирув бўлганди, чунки ёш футболчилар руҳий ва жисмоний жиҳатдан катталардан фарқ қилади. Икки йил давомида бутун мамлакатни айланиб, истеъдодли футболчиларни изладим. Бу жамоада ҳаммаси ҳаққоний эди – ким кучли бўлса, ўша ўйнарди.
Менга кўп қўнғироқлар бўларди, аммо бизнинг жамоада олифта футболчилар йўқ эди. Саралашдан ўтиб, Осиё чемпионатига йўл олдик. Қитъа биринчилиги орқали ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам чиқмоқчи эдик, лекин коронавирус режаларни ўзгартириб юборди.
Ҳозир Сергей Арслонов билан бирга «Нур» номли ҳаваскор клуб ташкил қилиб, унга турли сабаблар билан профессионал клубларга қабул қилинмай қолган футболчиларни тўплаганмиз. Ҳозир клубнинг ҳамма харажатлари ўзимга қолган, форма олишдан тортиб барча тўловларгача. Ҳозирда Иккинчи лигада етакчилик қиляпмиз, ҳомий топа олсак, Биринчи лигага чиқиш вазифасини қўйишимиз мумкин.
Шу ўринда Сергели ҳокими Элбек Шукуровга раҳмат айтмоқчиман, у бизнинг жамоамизни ўз қанотига олиб, мени спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлади. Унга ўхшаган раҳбарлар сабаб бизда футбол ривожланиши мумкин.
– Молиялаштириш ҳақида гапирдингиз, бизда клублар қандай ва ким томонидан молиялаштирилади?
– Клубнинг хўжайини ким эканига боғлиқ. Жамоа каттароқ компания қарамоғида бўлса, пул билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Масалан, «Бунёдкор»ни нефтогаз комплекси молиялаштиради, ОКМК ва «Металлург»ни металлургия комплекси.
Бошқача вариантлар ҳам бор. Масалан, мен 10 йиллар аввал Самарқанднинг «Динамо» жамоасида ишлаганман. Клуб маҳаллий ҳокимлик балансида эди. Эсимда, мавсум бошида вилоят ҳокими тадбиркорлар ва банк вакиллари иштирокида мажлис ўтказарди. Йиғилишлардан бирида ҳоким мени кўрсатиб «Кўряпсизларми, бу Азамат Абдураимов, у «Динамо»миз мураббийи. Ёрдам бериш керак», деганди. Аммо бунақа усул билан жамоанинг барча харажатларини қоплаб бўлмайди. Футбол бизда фойда келтирмайдиган соҳа, шу учун давлат маблағларисиз яшаб кетиш қийин.
– Наҳотки катта компания кўринишидаги ҳомий бўлмаса, клуб барбод бўлади?
– Ҳаммаси вилоят, шаҳар, корхона – клуб тегишли бўлган ташкилот раҳбари кимлигига боғлиқ. Оддий мисол, Қашқадарёнинг собиқ ҳокими Нуриддин Зайниев ҳақиқий футбол мухлиси эди. Унинг раҳбарлигида Қашқадарёда футбол ривожланиб, «Насаф» 2012 йил ОФК кубогини қўлга киритганди. Бу ўзбек клубларининг расмий халқаро мусобақалардаги ягона ғалабаси ҳисобланади. Ҳозирда «Сўғдиёна» яхши натижалар қайд этмоқда, чунки Жиззах ҳокими Эргаш Солиев футболга қизиқади. Вилоятда академия қуришмоқда, аёллар жамоасида ҳам яхши шароитлар қилиб берилган.















