Тадбирларда Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон саноат вазирлари, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Хитой тармоқ вазирлари ўринбосарлари, ШҲТ бош котиби Чжан Мин, МДҲ ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Илҳомжон Неъматов, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этади.
Йиғилиш иштирокчилари саноатни ривожлантириш, кооперация асосида саноат ишлаб чиқариш ҳажми барқарор ўсишини таъминлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги технологияларни жорий этиш, моддий ва молиявий ресурсларни жалб қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва саноат маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.
Учрашувлар чоғида ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар саноатини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар тасдиқланиши кутилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вазирлари ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури лойиҳасини маъқуллайди. Мазкур ҳужжат ташкилотнинг Самарқанд саммити кун тартибига тасдиқлаш учун киритилади.
МДҲга аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилишида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликка доир ҳужжат тасдиқланиши кутилмоқда.












