Давлат раҳбари раислик тўғрисидаги қарор қўллаб-қувватлангани ва умумий ишга ҳисса қўшиш, янги ғояларни таклиф этиш ва бугунги кунда Ҳамдўстлик мамлакатлари учун чиндан ҳам муҳим бўлган йўналишларни биргаликда ривожлантириш имконияти учун барча ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди.
– Биз келгуси йили аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларни эътибор марказига қўйиш ниятидамиз. Булар – иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришдир, – деди Мирзиёев.
Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг раислиги учун белгиланган «МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони» деган шиорда ўз ифодасини топди.
Айни пайтда Раислик концепцияси ва тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ишлари якунланмоқда. Уларда юздан ортиқ аниқ тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон раислиги давридаги устувор йўналишлар ва амалий ҳамкорлик механизмлари тақдим этилди.
Ҳамдўстлик доирасидаги сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратилади.
– Бугун, дунёда вазият тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-биримизни тинглаш ҳамда барчамизга мақбул бўлган ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш ўта муҳимдир, – деди давлат раҳбари.
МДҲ мамлакатлари салмоқли ишлаб чиқариш салоҳияти, ресурслар, технологиялар ва бозорларга эга эканини инобатга олиб, иқтисодиёт соҳасида асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратиш таклиф этилди.
– Агар бу салоҳиятимизни бирлаштирсак, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратсак ва барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйсак, барча иштирокчилар учун натижа янада сезиларли бўлади, – деди Мирзиёев.
Бу борада мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиққа халақит бериб келаётган тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Рақамли технологиялар билан боғлиқ йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда фақат ҳозирнинг ўзида ҳам яхши ривожланган соҳалар билан чекланиб қолмаслик муҳимлиги таъкидланди.
– Олдинга қадам ташлаш ва яқин йилларда мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш билан боғлиқ бўладиган соҳаларда биргаликда ишлаш зарур. Бу ўринда сўз муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари соҳалари ҳақида бормоқда. Айнан шу соҳалар бугунги кунда ўз компетенцияларимиз ҳамда қўшма лойиҳаларни яратган ҳолда, ортда қолиб кетмаслигимиз муҳим бўлган йўналишлардир, – деди Мирзиёев.















