2027 йил 1 январдан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) раислик Ўзбекистонга ўтади. Бу ҳақда 9 октябрь куни МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон билан биргаликда Туркманистон ва илк бор Озарбойжон ҳам ҳамраислик қилади.

Навбатдаги МДҲ саммити 2027 йил 8−9 октябрь кунлари Бухорода бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистоннинг иккинчи раислиги бўлади: мамлакат илк бор 2020 йилда Ҳамдўстликка раислик қилган эди.

МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) 1991 йил декабрь ойида, СССР парчаланганидан сўнг ташкил этилган. Ташкилотга илгари Совет Иттифоқи таркибига кирган давлатлар аъзо ҳисобланади. Ҳамкорликнинг асосини савдо, транспорт, хавфсизлик, гуманитар ва маданий алоқалар ташкил этади. Олий органи — Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, қароргоҳи Минск шаҳрида жойлашган.

МДҲга раислик ҳар йили ротация асосида алмашиб туради. Раислик қилувчи мамлакат йилнинг устувор йўналишларини белгилайди, Ҳамдўстлик тадбирларини ташкил этади ва давлат раҳбарлари саммитига мезбонлик қилади.