Ўзбекистон Россия томонидан ҳар томонлама кўмакка таяниши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида ўтган МДҲ давлатлари етакчилари учрашувида маълум қилди, деб хабар берди РИА Новости.
У Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан бошлаб МДҲ ташкилотининг навбатдаги раисига айланишини айтди. Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ушбу миссияда муваффақият тилади.
«Бугун келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб МДҲга раислик эстафетаси Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шавкат Миромонович Мирзиёевга ушбу муҳим миссияда муваффақият тилаб қоламан», — деди Путин.
МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) 1991 йил декабрь ойида, СССР парчаланганидан сўнг ташкил этилган. Ташкилотга илгари Совет Иттифоқи таркибига кирган давлатлар аъзо ҳисобланади. Ҳамкорликнинг асосини савдо, транспорт, хавфсизлик, гуманитар ва маданий алоқалар ташкил этади. Олий органи — Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, қароргоҳи Минск шаҳрида жойлашган.
МДҲга раислик ҳар йили ротация асосида алмашиб туради. Раислик қилувчи мамлакат йилнинг устувор йўналишларини белгилайди, Ҳамдўстлик тадбирларини ташкил этади ва давлат раҳбарлари саммитига мезбонлик қилади.
Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан бошлаб МДҲга раислик қилади ва Бухорода навбатдаги саммитни қабул қилади. Бу мамлакатнинг иккинчи раислиги бўлади: Ўзбекистон илк бор 2020 йилда Ҳамдўстликка раислик қилган эди.















