Жаҳон | 16:43 / 18.07.2022
9538
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Украинага 500 млн евролик ҳарбий ёрдамни маъқуллади

Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Украинага ҳарбий ёрдамнинг умумий миқдорини 2,5 миллиард еврогача оширишга келишиб олдилар, деди Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел.

Фото: Picture Alliance

Европа иттифоқи Украинага қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш учун яна 500 миллион евро ажратади. Тегишли қарор 18 июль, душанба куни ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан Брюсселдаги йиғилишда келишиб олинди, деди Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел.

Шу тариқа, Европа тинчликни қўллаб-қувватлаш воситаси EPF (European Peace Facility) доирасида Европа иттифоқи давлатларидан Украина армиясига қурол-яроғ ва техника етказиб беришнинг умумий ҳажми 2,5 миллиард еврога етади, деди у. «Европа тинчлик ва қадриятларимизни ҳимоя қилиш йўлида ҳаракат қилишда давом этмоқда. Мен ЕИ кенгашининг Украинага EPF доирасидаги бешинчи транши бўйича сиёсий қарорини олқишлайман», - деб ёзди у Twitter саҳифасида.
 
Украинага биринчи 500 миллион евролик ҳарбий ёрдам пакети февраль ойи охирида қабул қилинган, ундан кейин яна учтаси март, апрель ва май ойларида қабул қилинганди. ЕИ маълумотларига кўра, бу маблағлар Украина Қуролли кучлари (УҚК) учун қурол-яроғларни молиялаштириш, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари, санитар материаллар ва ёнилғи етказиб бериш учун сарфланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид