Украина президенти Володимир Зеленский 17 июл куни Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Иван Баканов ва бош прокурор Ирина Венедиктовани ишдан четлатиш тўғрисидаги фармонларини имзолади.
Зеленскийнинг Бакановни ишдан четлатиш тўғрисидаги фармонида бунга Украина қуролли кучлари Тартиб интизоми тўғрисидаги низомнинг 47-моддаси асос бўлгани келтирилади.
Бу моддада хизмат вазифасини муносиб бажармагани учун одам ўлими ва бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқарган ҳарбий ўз вазифасидан озод этилиши айтилган.
Бош прокуратура раҳбарига нисбатан қарор, хусусан, Украинанинг «Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида»ги қонуни 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ қабул қилинган. Венедиктованинг ўрнига бош прокурор вазифаларини унинг ўринбосари Алексей Симоненко бажариб туради.
Зеленский Бакановни лавозимидан четлатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган куни Давлат тергов бюроси УХХнинг област бошқармаларидан бирининг раҳбари қўлга олингани маълум бўлди. У давлатга хиёнат қилишда ва Россия фойдасига ишлашда гумонланмоқда.
ВВС News Украина маълумотига кўра, гап Олег Кулинич ҳақида кетмоқда, у шу йил мартига қадар УХХнинг Қрим автоном республикаси бўйича бошқармасини бошқарган, яриморол Россия томонидан аннексия қилингач, бошқарма Херсондан туриб ишлаб келган.

Володимир Зеленский кечқурунги мурожаатида Баканов ва Венедиктовани лавозимдан четлаштириш тўғрисидаги қарорларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орган ходимларининг давлатга хиёнат ва душман томон билан ҳамкорлик қилиши ҳолатлари бўйича жуда кўплаб ишларни текшираётгани билан изоҳлаган.
У УХХнинг Қрим бўйича бошқармаси раҳбари иши ҳақида гапирган.
«Бугунга келиб мамлакатда давлатга хиёнат қилиш ва прокуратура, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хоинона фаолияти юзасидан 651 та жиноий иш қўзғатилган. Кўрилган 198 та жиноят иши бўйича тегишли шахсларга нисбатан айбловлар қўйилди.
Хусусан, прокуратура ва УХХнинг 60 дан ортиқ ходими босиб олинган ҳудудларда қолиб, давлатимизга қарши ишламоқда. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Россия махсус хизматлари ходимлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар доирасида қайд этилган Украина миллий хавфсизлиги асосларига қарши жиноятларнинг бундай тўплами бизни тегишли раҳбарларга жуда жиддий саволлар» беришга мажбур қилмоқда. Ушбу саволларнинг ҳар бирига тегишли жавоб олинади», деди Зеленский.













