Аввалига Европа ёздаёқ газ захираларини тўлдириб олмоқчи бўлди, аммо бу режани «Газпром» йўққа чиқарди. Россия газининг ўрнини босадиган бошқа таъминотчи топиш имконсиз, шу сабаб Еврокомиссия иттифоққа аъзо бўлган 27 давлатга иситиш мавсуми бошланишига ҳали 3 уч ой бўлишига қарамай энергияни тежашга киришишни тавсия қилди.
«Россия газдан урушда қурол сифатида фойдаланаётган бир вақтда Европа Иттифоқи рус гази кейинчалик фақат камайиб бориши кўринишидаги хатарга дуч келди. Иттифоқ давлатларининг ярми ҳалитдан Россиядан етарли миқдорда газ олмаяпти. Ҳозирданоқ чоралар қабул қилиш орқали янада оғир оқибатларнинг олдини оламиз ва газ оқими бутунлай узилишига ҳам тайёр бўлиб борамиз», дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Уч йил аввал «Газпром» Европага кунига 500 миллион кубометр газ сотган. Жорий йил май ойида бу кўрсаткич кунига 250 миллион кубометргача тушиб кетди. Июл бошида эса Россиядан кўҳна қитъага кунига 140 миллион куб газ ўтди. 11 июл куни Россия Европага газ берадиган асосий ўтказгич «Шимолий оқим»да таъмирлаш бошлангани иддаоси билан газ узатишни рекорд даражагача пасайтирди – кунига 80 миллион кубометр.
Июн ойигача «Газпром» «Шимолий оқим» орқали Европага кунига 170 миллион кубометр газ ҳайдарди. Июн ойи ўртасига бориб бу рақамлар 68 миллион кубометргача камайиб кетди. Бунга сабаб сифатида компрессордаги қувурлар таъмирлаш учун Канадага юборилгани айтилди.

21 июл куни Россия «Шимолий оқим» орқали Европага газ узатишни тиклади, аммо Путиннинг айтишича, таъминот 26 июлда яна узиб қўйилиши мумкин. Оқибатда кунлик газ оқими 30 миллион кубометргача тушиб кетади.
Путин навбатдаги таъмирлаш ишларига очиқчасига масхараомуз тарзда ишора қилди: «Адашмасам, июл ойининг охирларида, 26 санада бўлса керак, регламент бўйича навбатдаги машина таъмирлашга юборилиши керак, шундай эмасми? Таъмирланган қувурларни қандай оламиз, билмаймиз. Агар улар келса, яхши, иккита машина ишлайди, келмаса, кунига фақат 30 миллион кубометр газ ҳайдалади», деди Путин.
Россия президенти Европани газ орқали шантаж қилаётганини рад этди ва бунга Европанинг ўзини айблади: «Бунда «Газпром»нинг нима айби бор? Битта йўналишни, кейин яна биттасини санкцияга туширишди, газ қазиб оладиган станция ҳам санкцияга тушди. «Газпром» қанча керак бўлса қазиб олишга тайёр. Ахир уларнинг ўзи ҳаммасини ёпиб қўйишди», деди Путин.




















