Мазкур қарор Европага қарши гибрид хуружлар хавотирли даражада кўпайгани фонида қабул қилинди, деб хабар берди Euronews.
7 октябрь куни элчилар томонидан Брюсселда эришилган келишув Москванинг Украинага кенг кўламли босқинини қўллаб-қувватлашда айбланаётган 743 нафар жисмоний шахс ва 826 та ташкилотга дахлдор.
Элчилар бир неча ҳафталик муҳокама ва юридик текширувлардан сўнг келишувга эришди. Исмлар сони жуда кўп бўлгани боис текширув жараёни, айниқса, қизғин кечди. Ташқи ишлар вазирлари Люксембургда тўплангач, келишув расман тасдиқланади. Шундан кейин санкцияга учраган шахслар ва ташкилотлар рўйхати жамоатчиликка эълон қилинади.
Россияга қарши янги санкциялар ҳақида яна нималар маълум?
Маълум қилинишича, санкциялар киришни тақиқлаш, активларни музлатиш ва молиявий ресурслар ажратишни ман этишни кўзда тутади. Таъкидланишича, ЕИ аъзо давлатлари бирин-кетин содир этилаётган ҳамда айримлари Россия томонидан уюштирилгани айтилаётган гибрид хуружлар фонида якдиллик намойиш этиш мақсадида келишувни тезроқ якунлашга ҳаракат қилган.
Германиянинг Лейпциг аэропортидаги дрон билан боғлиқ ҳодисадан сўнг янги санкциялар рўйхати устидаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.
«Мамлакатлар санкциялар рўйхатига киритилиши керак бўлган номларни таклиф қилишда эркин. Бироқ якуний қарорни барибир ЕИ давлатлари қабул қилади», – деди ЕИ Олий вакили Кая Каллас.















