Германиянинг нуфузли Die Welt нашри Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқига қарши суд жараёнида эришган муҳим ҳуқуқий ғалабаси ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрнинг ёзишича, Европа Иттифоқи 2022 йилда Усмоновга нисбатан санкциялар жорий этишда айрим тасдиқланмаган маълумотларга таянган. Жумладан, у Владимир Путиннинг ишончли вакили сифатида кўрсатилган. Бироқ Германия судида ушбу даъволарнинг асосли экани исботланмаган.
Усмонов Европа Иттифоқидан ўзи ҳақидаги асоссиз маълумотларни тарқатишни тўхтатишни талаб қилиб судга мурожаат қилган. Аммо Die Welt маълумотига кўра, Германиянинг айрим давлат идоралари қарийб уч йил давомида даъвонинг Европа Иттифоқи Кенгашига расман етказилишига тўсқинлик қилган.
2026 йил 21 октябрда Германия Федерал олий суди бундай ҳаракатларни ноқонуний деб топиб, Усмоновнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бузилганини қайд этди.
Қайд этилишича, Усмонов 22 сентябрда Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилган бўлса-да, унга нисбатан билдирилган айрим айбловлар ҳануз расмий сайтларда сақланиб қолмоқда.
Die Welt муаллифининг фикрича, мазкур қарор Европа Иттифоқи санкцияларига тушган минглаб шахслар учун муҳим ҳуқуқий прецедент бўлиши мумкин. Энди улар ҳам ўзларига нисбатан тарқатилган асоссиз айбловларни миллий судларда баҳслашиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, суд ҳозирча санкцияларнинг қонунийлиги ёки айбловларнинг мазмуни бўйича якуний қарор чиқармаган. Қарор даъвони кўриб чиқишга тўсқинлик қилган ҳаракатларга тааллуқли.












