Ўзбекистон | 19:32 / 04.08.2022
5017
2 дақиқада ўқилади

Мораторийга қарамасдан Жиззахда бир неча туп дарахт кесиб ташланди

Мораторий эълон қилинганига қарамасдан жойларда дарахт кесиш ҳануз давом этмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Kun.uz манбасининг хабар беришича, Жиззах вилояти Дўстлик тумани марказида, Савдогарбанк биноси ёнида жойлашган дарахтлар кесиб ташланмоқда.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон туманида ариқ бўйида ўсиб турган 170 туп тол дарахти, Қашқадарёда 10 туп тут дарахти ноқонуний тарзда кесиб ташланганди.

Шунингдек, Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Андижон ва Тошкентдаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Мавзуга оид