Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида ўтказилиб, Самарқандда бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари кенгашига тайёргарлик босқичи ҳисобланади.

Йиғилишда ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари, шунингдек, ШҲТ МАТТ котибияти ва ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этади.

Кун тартибига мувофиқ халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, қурол ва наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилади.

Тадбир доирасида ҳамкор давлатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам режалаштирилган. 

ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишлари 2004 йилдан буён ўтказиб келинмоқда ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат механизми ҳисобланади.