Ўзбекистон президенти 2026 йил 6 ноябр куни Хавфсизлик масалалари бўйича «ШҲТ плюс» биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўллаган мурожаатида замонавий таҳдидларга қарши ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар махсус хизматларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этмоқда.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, геосиёсий кескинлик ва қуролли можаролар авж олаётган шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш масалалари янада долзарблашмоқда.

Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситалари тараққиёт учун имкониятлар очиш билан бирга, янги муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Президент кибермакон тармоқ ҳужумлари, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш воситалари фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланганини таъкидлади.

Мурожаатда террорчи ташкилотларнинг рақамли муҳитдан фойдаланаётгани алоҳида ташвиш уйғотаётгани қайд этилди. Интернет платформалари радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни жалб этиш, маблағ тўплаш ва чегара тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда.

Бундай шароитда, айниқса, ёшлар заиф тоифа бўлиб қолмоқда. Бузғунчи кучларнинг улар онгига мақсадли таъсир ўтказиши, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланиши ва тоқатсизлик ғояларини тарқатиши миллатлараро ҳамда динлараро тотувликка путур етказиши мумкин.

«Ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент хавф-хатарларга тезкор муносабат билдириш билан бирга, уларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун таҳдидларни аниқлаш, ўзаро ахборот алмашиш, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш лозим.

2026 йилда ШҲТ ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистон ташкилотнинг ҳаммуассисларидан бири сифатида унинг хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги ролини кучайтиришга аҳамият қаратмоқда.

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш қобилияти кўп жиҳатдан махсус хизматларнинг яқин ҳамкорлигига боғлиқлигини қайд этди. У мулоқот халқлар хавфсизлиги ва давлатлар барқарор тараққиёти учун амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилашга хизмат қилишига ишонч билдирди.