Германия, Украина, Буюк Британия, Испания ва бошқа Европа давлатлари 12 ноябр, пайшанба куни Дублинда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида Европа хавфсизлигининг «асосий тамойиллари»ни келишиб олди ва уларни махсус ҳужжатда мустаҳкамлади. Ташаббус Франция томонидан илгари сурилган.
AFP агентлиги ёзишича, ҳужжат Европа хавфсизлигининг асосини ташкил этувчи амалдаги қоидаларни мустаҳкамлайди ва уларни янги йўналишлар, хусусан, гибрид таҳдидларга қарши курашиш чоралари билан тўлдиради.
Жумладан, ҳужжатни имзолаган давлатлар Москванинг «кучайиб бораётган гибрид кампаниялари»ни қатъий қоралаб, бундай таҳдидларга қарши туриш ва ахборот соҳасига ташқи аралашувга қарши курашиш ниятини билдирди.
Декларацияда терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва мигрантларни ноқонуний олиб киришга қарши курашиш масалалари ҳам қамраб олинган.
«Европа хавфсизлигига оид масалалар европаликлар иштирокида ҳал қилиниши керак»
Ҳужжатни имзолаган давлатлар «Европа мамлакатлари қитъа хавфсизлиги учун ўз зиммасига янада кўпроқ масъулият олаётгани»ни таъкидлади.
Уларнинг фикрича, бу глобал ва трансатлантик хавфсизликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳужжат матни билан танишган журналистларнинг маълум қилишича, декларация БМТ низоми, шунингдек, НАТОни таъсис этган Шимолий Атлантика шартномаси ва Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартномага асосланади.
Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем ҳужжатда НАТОнинг тилга олингани муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш тугаганидан кейин альянс Европада барқарор вазиятни таъминлашига тўғри келади.
AFP агентлиги ёзишича, декларация лойиҳасида «Европа хавфсизлигига тааллуқли ҳар қандай масала европаликлар билан биргаликда ҳал этилиши керак» деган тамойил ҳам белгиланган.
Яқинда Россия ва Украина ўртасида урушни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан бўлиб ўтган музокараларда ўт очишни тўхтатиш шартларидан ташқари, Европанинг хавфсизлик архитектураси ҳам муҳокама қилинган эди.
АҚШ президентининг махсус вакили Жаред Кушнер ҳам Абу-Дабидаги музокараларда Европада «янги» хавфсизлик архитектурасини яратиш тарафдори эканини билдирган.












