Ўзбекистон | 18:00 / 26.08.2022
4404
4 дақиқада ўқилади

ССП ва “Dosso Dossi Holding” Тошкентда 100дан ортиқ турк брендлари кўргазмасини ўтказди

24–25 август кунлари Tashkent city'даги Конгресс ҳоллда дунёга машҳур компаниялардан бири – “Dosso Dossi Holding”нинг кўргазмали тадбирлари ўтказилди. Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада Туркиянинг 100дан ортиқ йирик брендлари ўз тўқимачилик маҳсулотлари билан иштирок этиб, ўзбекистонлик маҳаллий тадбиркорлар билан улгуржи савдо қилиш учун келишувларга эришди.

“Dosso Dossi Holding” компанияси 2002 йилдан буён тўқимачилик соҳасида ўзининг турли йирик лойиҳалари билан иштирок этиб келади. Компания тўқимачилик маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан бирга, Туркиянинг йирик брендлари билан ҳамкорликда турли Fashion show'лар, мода намойишларини ўтказиб келади. Шу сабабли ҳам “Dosso Dossi Holding” мода оламида ҳанузгача ўз ўрнига эга.

Компания Москва, Боку, Олмaотадан сўнг, 24–25 август кунлари Тошкентда ҳам мана шундай кўргазма ўтказди. Савдо-саноат палатаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил-саноат институти билан ҳамкорликда ўтган бу тадбирда Туркиянинг 100дан ортиқ брендлари қатнашди. Унда турли мавсум ва тадбирларга мўлжалланган тўқимачилик ва енгил-саноат маҳсулотлари намойиш этилди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил-саноат институти проректори Холида Комилованинг таъкидлашича, бундай юқори даражадаги мода кўргазмаси Ўзбекистонда илк маротаба бўлиб ўтди.

Холида Комилова

“Бу компаниянинг ўтказадиган ҳар бир тадбири, у Fashion show, мода кўргазмаси ёки бошқа тадбир бўлсин, уларнинг ҳаммаси юқори савияда ташкил этилади. Бу каби кўргазмаларда кўзга кўринган энг машҳур инсонлар, ТОП моделлар қатнашгани учун улар тадбирларни шоуга ҳам айлантириб юборишади.

Шу йил апрел ойида Савдо-саноат палатаси ходимлари хориждаги сафари чоғида “Dosso Dossi Holding” компанияси вакиллари билан учрашиб, мана шу кўргазмани ўтказишга келишиб олишган. Компаниядагилар ҳам бу борада ўз режалари бўлгани учун таклифга розилик билдиришди.

Биласизми, бу кўргазма бизнинг маҳаллий компанияларимиз учун дунё бозорига чиқиш эшиги бўлиб хизмат қилади. “Dosso Dossi Holding”дан кўп нарсаларни ўрганяпмиз, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳам турли Fashion show'ларни, мода кўргазмаларини ўтказиш бўйича ҳамкорлик шартномаларни тузиш ниятида. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда fashion-марказга айланмоқда. Ҳозирда энди Марказий Осиёнинг fashion-тадбирларини Тошкентда ўтказиш бўйича бир қанча ишлар қилинмоқда”, – дейди институт проректори.

Кўргазмада “Dosso Dossi Holding” компанияси бошқарув раиси Ҳикмет Эрасланнинг ўзи ҳам иштирок этди.

Ҳикмет Эраслан

“Тошкентда эканимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Боиси, кўргазмамизда кўплаб профессионал мутахассислар, ҳамкасблардан ташқари, Ўзбекистоннинг модасеварлари иштирок этишмоқда.

Биласизми, бу каби тадбирлар нафақат мода оламида, балки Ўзбекистоннинг туризм соҳасини ҳам ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Чунки мана шундай мода намойишлари бўлаверса, чет элликлар ҳам қизиқиб, кўргазмалар қаерда бўлаётганини сўрай бошлашади, қарабсизки, бу билан Ўзбекистонга туристлар кўпроқ келишни бошлайди.

Мана шу ташкилий ишларда бизга катта ёрдам берган Савдо-саноат палатасига миннатдорлик билдирамиз”, – деди у.

Қайд этилишича, яқин кунларда “Dosso Dossi Holding” билан ҳамкорлик шартномалари имзоланади. Бу орқали эса келгусида кўплаб мода шоулари ва кўргазмаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Савдо-саноат палатаси Ⓣ

Мавзуга оид