Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга кўмаклашувчи “Business port” лойиҳасини йўлга қўйди. Платформа орқали кичик ва ўрта бизнес вакилларига амалий ёрдам бериш, мавжуд муаммоларга ечим топиш режалаштирилмоқда. Ваҳобовнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа ЖСТга қўшилишдан олдин тадбиркорларга фойдали бўлиши мумкин.
21 октябр куни Савдо-саноат палатаси Тошкентда янги “Business port” лойиҳасининг илк тадбирини ўтказди. Ташаббускорларининг сўзларига кўра, платформа кичик ва ўрта бизнес вакилларининг тажриба алмашишига ва ҳамкорлик қилишига кўмаклашади. Хусусан, тадбиркорларга ҳуқуқий, молиявий, интеллектуал мулк, халқаро муносабатлар, кадрлар сиёсати, рақамлаштириш каби йўналишларда маслаҳатлар берилиши ва муаммоларга ечим топилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг илк тадбирида минглаб ишчи ўринлари яратган 250 дан ортиқ тадбиркорлар йиғилди. “Business port” вакили Шохруҳ Низомиддиновнинг сўзларига кўра, платформа бизнес эгалари учун маслаҳат жойи бўлади.


“Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имконияти йўқ, шу учун ўзимизнинг бизнес портимизни яратдик, тадбиркорлар бунга қизиқади”, - дейди ФCБ агентлигининг бошқарувчи ҳамкори Низомиддинов. Унинг қўшимча қилишича, ушбу лойиҳа 2 та асосий мақсадни кўзлаган.
“Биринчи вазифа – Жаҳон Савдо ташкилотига кириш арафасида маҳаллий корхоналарни халқаро кириб келадиган брендларга, корхоналарга қарши рақобатбардош қилиш. Иккинчи мақсад — маҳаллий корхоналарнинг экспортга чиқарадиган хизматлари ва маҳсулотини кучайтириш (сифат ва ҳажм назарда тутиляпти). Буни фақат бренд қуриш ва тўғри нарх сиёсати ва бошқа омиллар орқали қилса бўлади. Шунинг учун “Business port” бир ҳуб бўлди. Тадбиркорларга йўналишига қарамай ёрдам беради”, - дейди Низомиддинов.


Лойиҳа вакилининг қайд этишича, айни пайтда маркетинг, реклама йўналишларида деярли муаммолар йўқ.
“Охирги 7-8 йилни оладиган бўлсак, фақат ривожланиш ва бозор очиляпти. Ҳар йилига 30-40 фоизга ошиш бўляпти. Қайтага бизга Россия, Украина, Беларусдан агентликлар кириб келиб, биз билан рақобатчилик қилишмоқчи. Албатта, биз рақобатга ҳар доим тайёрмиз”, - дейди ФCБ агентлигининг бошқарувчи ҳамкори Шохруҳ Низомиддинов.









