Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Беларусга ташрифи чоғида Минск шаҳрида бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Беларус тараққиёт банки ҳамда «Белэксимгарант» ва «Промагролизинг» агентликлари раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда Беларус молия институтларининг машинасозлик, электротехника, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки муҳокама қилинди.
Беларус тараққиёт банки Ўзбекистон банклари билан ишлаш бўйича тўпланган тажриба ҳамда савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ресурсларидан фойдаланиб, Ўзбекистон билан қўшма ташаббусларни молиялаштиришда иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Тараққиёт банки раҳбарияти, «Белэксимгарант» ва «Промагролизинг» агентликларининг сентябр ойида Ўзбекистон тегишли вазирлик ва идораларида истиқболли лойиҳаларни ўрганиш ва музокаралар олиб бориш учун Тошкентга ташрифини ташкил этиш масаласи келишиб олинди.
Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг нисбий ва прогноз қилинадиган барқарорлиги шароитида банклараро ҳамкорликни давом эттириш муҳокама қилинди.












