Адлия вазирлиги Марказий банкнинг молиявий хизматлар соҳасидаги махсус ҳуқуқий режимга оид идоравий ҳужжатини 2026 йил 19 октябрда 3956-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжат махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ва бекор қилиш, шунингдек, унинг доирасида фаолият юритиш тартибини белгилайди.
«Тартибга солиш қумдони»да учта алоҳида синов йўлаги назарда тутилган:
«инновация»;
«акселерация»;
«технологик ҳамкорлик».
Махсус режимда қатнашиш имконияти норезидент юридик шахсларга ҳам берилди. Улар биргаликда ариза берувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Фаолияти Марказий банкдан бошқа давлат органлари томонидан тартибга солинадиган юридик шахслар учун ҳам «қумдон»да қатнашиш имконияти яратилди.
Янги молиявий хизматни жорий қилмоқчи бўлган юридик шахслар учун ариза топширишдан олдин маслаҳат олиш механизми киритилди. Шунингдек, «Тартибга солиш қумдони» иштирокчилари реестрини юритиш тартиби белгиланди.
Истеъмолчиларни хабардор қилиш бўйича алоҳида талаб ҳам назарда тутилган: мазкур режимдаги молиявий хизматни тарғиб қилувчи реклама ва ахборот материалларида у «Тартибга солиш қумдони» доирасида синов тариқасида тақдим этилаётгани кўрсатилиши шарт.
















